Ўзбекистон янгиликлари

Малайзия томони Ўзбекистон билан зиёрат туризми, «Умра+» турпакетлари доирасида биргаликда ишлашга тайёрлигини билдирди

Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги элчихонасида Малайзия сайёҳлик компаниялари ва туроператорлари уюшмаси (МАТТА) вакиллари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Малайзиялик туроператорларга Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, сайёҳлик маҳсулотлари ва йўналишлари ҳақидаги батафсил маълумотлар тақдим этилди. Тадбир иштирокчилари мамлакатимиз ҳукумати томонидан сайёҳлик жабҳасини, хусусан, зиёрат туризмини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган мажмуавий чора-тадбирлар билан яқиндан таништирилди. Сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистонда дунёнинг аксарият давлатлари фуқаролари учун визасиз режим жорий этилгани, транспорт ва меҳмонхона инфратузилмаси модернизация қилингани, валюта-банк тизими такомиллаштирилгани, сайёҳларнинг қулай яшаши учун барча шарт-шароит яратилгани алоҳида таъкидланди.
Йилига 2 миллион нафаргача сайёҳга хизмат кўрсатиши мумкин бўлган янги «Буюк ипак йўли» халқаро сайёҳлик маркази ва Самарқанд халқаро аэропортининг имкониятлари ҳақида ҳам атрофлича сўз юритилди. Уни хорижий авиакомпаниялар учун транспорт ва сайёҳлик марказига айлантириш ва ушбу тарихий шаҳарга зиёратчилар сонини сезиларли даражада ошириш мақсадида «Очиқ осмон» режими жорий этилгани қайд этилди.
Давра суҳбати иштирокчилари икки мамлакат ўртасида сайёҳлар оқимини кўпайтириш бўйича режаларни кўриб чиққанлари баробарида муаммолар ва янги имкониятларни чуқур таҳлил қилдилар.
Малайзия томони Ўзбекистоннинг сайёҳлик йўналишларини оммалаштириш ва «Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг сайёҳлик дарвозаси» янги брендини, жумладан, маданий туризм, зиёрат туризми, этнотуризм, қиш туризми, «Умра+» ва тадбикорлик туризми (MICE) турпакетлари доирасида биргаликда ишлашга тайёрлигини билдирди.
МАТТА вакиллари ўзбек томонини Жоҳор-Баҳру ва Куала-Лумпур шаҳарларида бўлиб ўтадиган «МАТТА Fair 2023» туризм ярмаркаларида иштирок этишга таклиф қилди.
«МАТТА Fair» минтақадаги энг йирик ва машҳур «B2C» (Business to Customer) савдо ярмаркаси бўлиб, унда 1200 дан ортиқ Малайзия сайёҳлик компаниялари ҳамда 50 га яқин меҳмонхона ва курорт компаниялари иштирок этади. Тадбир иши билан ҳар йили 100 мингга яқин киши танишади.
Давра суҳбати якунлари бўйича Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан 2023 йил февраль ойида Малайзия сайёҳлик компаниялари учун танишув инфотури, шунингдек, икки мамлакат сайёҳлик компаниялари ўртасида турпакетларни ишлаб чиқиш ва янада диверсификация қилиш бўйича «B2B» учрашувини ташкил этишга келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

727 марта ўқилди

Янгиликлар

Top