Ўзбекистон янгиликлари

Мусибат етган хонадонга кўмак берилди

Инсон дунёда турли хил синовларга дуч келиши мумкин. Аллоҳ таоло қайси бир бандасига бериб, кимнидир маҳрум қилиб синайди.

Яқинда 18 декабр куни Тошкент шаҳар Олмазор туманида “Қорасарой” маҳалласида яшовчи Латиповлар хонадонида ёнғин келиб чиқиши натижасида уй эгалари катта зиён кўрди: турар жой биноси тўлиқ ёниб кетди. Ҳайриятки, хонадоннинг икки оила аъзоси 5 нафар ёш фарзандини қутқариб қолишга муваффақ бўлишди.

Мазкур воқеадан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари чуқур қайғуга тушиб, мазкур хонадонга тезда ёрдам бериш бўйича топшириқ бердилар. Хусусан, кеча жума намозида бир неча масжидда имом-хатиблар ҳомийларни жалб қилган ҳолда 74 миллиондан зиёд маблағ жамланиб, жабр кўрган оилага етказилди.

Таъкидлаш жоиз, бир мусулмоннинг бошига тушган қайғуни аритишни Пайғамбар алайҳиссалом суннати, ўгитлари деб билган доно халқимизнинг саховатпешалик, мурувватлилик хислатлари таҳсинга сазовор. Зеро, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бир машаққатни аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади”, деб марҳамат қилганлар.

Шу ўринда азиз юртдошларимизга яна бир бор илтимос қилган бўлардикки, иссиқлик манбаларидан фойдаланишда ҳар биримиз, аввало, ўз ҳаётимиз, кишилар ҳаётини сақлаш, қолаверса, моддий мулкларимиз хавфсизлиги учун ёнғин келиб чиқишининг олдини олишга қатъий эътибор қаратишимиз, ёнғин хавфсизлиги талабларига тўлиқ риоя этишимиз зарур. Акс ҳолда ўзимиз, шунча меҳнат билан топган моддий бойлигимизга, уй-жойимизга зиён етиши мумкин, Аллоҳ сақласин!

Аллоҳ таоло барча бандаларини бундай офатлардан Ўз паноҳида асрасин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар билан ишлаш бўлими

969 марта ўқилди

Янгиликлар

Top