Ўзбекистон янгиликлари

Қоримиз халқаро Қуръон мусобақасида қатнашиш учун жўнаб кетди

Жорий йилнинг 4-8 февраль кунлари Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳрида 29-халқаро Қуръони карим мусобақаси бўлиб ўтади. Унда 58 та араб ва ислом давлатларидан 108 нафар қори иштирок этади.

Куни кеча ушбу мусобақада Ўзбекистон номидан иштирок этиш учун Тошкент шаҳар “Мирбобо ота” жоме масжиди имоми ноиби Аълохон қори Нуриддинов Миср Араб Республикасига жўнаб кетди. Аълохон қори Осим қироатининг Ҳафс ва Шўъба ривоятларида Қуръони каримни ўқиш ва ўқитиш бўйича ижоза соҳибидир.

Мусобақа қуйидаги 4 йўналишда ўтказилади:
– Қуръони каримни тажвид қоидаси асосида тўлиқ ёдлаш билан бирга Каломуллоҳнинг луғавий маъноларини ҳам билиш;
– Қуръони каримни тўлиқ ёддан тиловат қилиб бериш билан бирга Каломуллоҳ маъноларининг таржимаси ва унга оид илмларни тадбиқ этиш қоидаларини билиш;
– Қуръони каримни етти хил қироатда ёддан ўқиб бериш ва мазкур қироатлар қоидаларини билиш;
– Қуръони каримни тажвид қоидаси асосида ёддан ўқиб бериш.

Аллоҳ таолодан қоримизга нуфузли мусобақада муваффақият ва омадлар тилаб қоламиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими

 
823 марта ўқилди

Янгиликлар

Top