Ўзбекистон янгиликлари

"Умра – 2023" элликбошилари учун ўқув-машғулотлари

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ташаббуслари билан “Умра – 2023” мавсуми зиёратчиларига хизмат кўрсатадиган барча ҳудудлардаги гуруҳ раҳбарларига (элликбошилар) "ZOOM" дастури орқали онлайн ўқув машғулот ўтказиш йўлга қўйилди. Мазкур онлайн машғулотлар элликбошилар учун муборак сафар олди ҳафтада икки марта ташкил этилади.

Ўқув машғулотларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламолари томонидан олиб борилмоқда. Улар гуруҳ раҳбарларига умра амалини адо этишнинг шаръий аҳкомлари, хусусан, умранинг фарз ва вожиблари, эҳромга кириш, тавоф ва саъй қилиш тартиб-қоидалари, умра қилиш асносида ман этилган амаллардан сақланиш, шунингдек, Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррамадаги муборак жойларни зиёрат қилиш одоблари ҳақида сўзлаб берадилар.

Шунингдек, уламолар гуруҳ раҳбарлари зиёратчиларга муборак сафарда хушмуомала бўлиш, бир-бирига ёрдам кўрсатиш, зикру ибодатларни кўпайтириш, беҳуда нарсаларни тарк этиш ҳақида ҳам эслатиб туриши лозимлигини алоҳида таъкидланади. Шунингдек, элликбошиларни қизиқтирган саволларга уламолар жавоб беради.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Саудия Арабистонида ҳам Ўзбекистон зиёратчиларига хизмат кўрсатувчи ишчи гуруҳи таркибида Фатво марказининг бир нафар вакили гуруҳ раҳбарларига йўл-йўриқ кўрсатиш билан бирга зиёратчиларнинг шаръий саволларига батафсил жавоб бериб ҳам келмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1230 марта ўқилди

Янгиликлар

Top