Ўзбекистон янгиликлари

Қўшработ туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси давом этиб, Рамазонга тайёргарлик кўрилмоқда

2023 йил 7 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллигининг ташаббуси ҳамда йиллик иш режасига асосан турли ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил қилинган навбатдаги сайёр йиғилиш Қўшработ туманида ўтказилди. Унда вилоятдаги 16 та шаҳар ва туман бош имом хатиблар ҳамда тумандаги 14 та масжид имом-хатиблари ва ноиблар ҳамкор ташкилот масъуллари ҳамроҳлигида тумандаги 21 та маҳаллага тарқалиб, жойларда аҳолининг кам таъминланган ва нотинч оилаларга ташриф буюрди. Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар ташкил қилинди. Ҳар бир маҳалладаги фуқаролар сони, ижтимоий ҳолати ва муаммолари таҳлил қилинди. Шу билан бир қаторда, вилоят ишчи гуруҳи Қўшработ туманидаги 14 та масжидда пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “Шукр қилиш фазилати”, “Ёшликни ғанимат билинг”, “Аллоҳга таваккул нима дегани?”, “Тинчлик қадри”, “Фарзандларимиз келажагига беэътибор бўлмайлик”, “Ёшлар келажагимиз”, “Ота-онага яхшилик қилиш улуғ савоб”, “Интернетдан фойдаланиш одоблари”, “Ёт ғояларга алданманг”, “Илм олиш фазилатлари” ва шу каби долзарб мавзулар юзасидан маърузалар қилдилар ҳамда намозхонларнинг муаммо ва таклифларини тингладилар.
Ушбу тадбирлар давомида умумий ўрганилган маҳаллалар сони 21 та бўлиб, шундан 13 тасида муаммолар борлиги аниқланди ва барчаси ижрога йўналтирилди. Шунингдек, кам таъминланган 102 оилага ўн миллион беш юз минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.
Шундан сўнг, ушбу сайёр учрашувда иштирок этган диний соҳа ходимлари билан таҳлилий йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Қўшработ туманидаги маҳаллаларда ўрганилган муаммолар, диний соҳадаги ютуқ ҳамда камчиликлар муҳокама қилинди. Шунинг билан бир қаторда, диний соҳа ходимларига раҳбарлар томонидан масжидларни Рамазон ойига тайёрлаш, масжидларда кутубхона ташкил қилиш ва кенг оммага китобхонликни тарғиб қилиш, аҳоли билан янада яқинроқ ишлаш ҳамда жойларда диний вазиятни соғломлаштириш бўйича керакли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Қолаверса, йиғилиш қатнашчилари иштирокида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳам тадбир ташкил қилинди. Тумандаги “Давриқўрғон” жоме масжиди ҳудудида диний соҳа ходимлари томонидан 100 дан зиёд маназарали дарахт кўчатлари экилди ҳамда мазкур боққа “Домла Абдуолим” номи берилди.
Мазкур тадбирлардан сўнг, Аллоҳдан юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги, юртбошимизнинг олиб бораётган ишларига зафарлар сўраган ҳолда хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги ахборот хизмати

807 марта ўқилди

Янгиликлар

Top