Ўзбекистон янгиликлари

Диний соҳа ходимлари умумхалқ референдумида фаол қатнашмоқда

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 30 апрель куни ўтказилаётган умумхалқ референдумида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари бошчилигида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридаги диний соҳа ходимлари, айниқса, имом-хатиблар ва мударрислар ҳам фаол иштирок этиб, юрт ободлиги ва халқ фаровонлиги учун овоз беришмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Ватан келажаги ва халқ саодатини таъминлашда муҳим бўлган мазкур референдумда овоз бериш жараёни очиқлик ва шаффофлик асосида ўтмоқда.

Дарҳақиқат, мусулмонлар ҳаётнинг барча соҳаларида олдинги сафларда бўлишга ҳаракат қилишлари лозим. Бунинг учун давлат ва жамиятни тараққиётга етаклаб бора оладиган, одамларни, жумладан, мусулмонларни ҳаётини яхши томонга ўзгатира оладиган одил қонунлар ўта муҳим масаладир.

Ислом динининг туб моҳияти ‒ инсон манфаатларини муҳофаза қилишдир. Уламолар таъбири билан айтганда, Ислом бандалар ва юрт учун яхшиликларни рўёбга чиқаришни мақсад қилгандир. Ушбу мақсад йўлидаги битим, келишув ва ҳаракатлар Ислом нуқтаи назарида энг савобли амаллардан ва бажарилиши лозим бўлган ишлардан саналади. Шу боис, бу жабҳада мусулмон киши фаол бўлиши даркор.

Маълумот ўрнида қонунчиликка биноан бугун республикамиз бўйлаб умумхалқ референдумида овоз бериш жараёнлари кечки пайт соат 20:00 га қадар давом этади.

Ҳақ таоло ушбу муҳим тадбирларни тинчлик офиятда, саломатликда ўтказиб олишимизни муваффақ айласин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1023 марта ўқилди

Янгиликлар

Top