Ўзбекистон янгиликлари

Ҳадис илми мактабида ижодий имтиҳон бошланди

Бугун, 26 июль куни Самарқанд вилоятида жойлашган Ҳадис илми мактабига ҳужжат топширган абитуриентлар учун “Ҳадис ва Мусталаҳул ҳадис” фанидан ижодий имтиҳон бошланди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда диний соҳа раҳбарлари ва мутасадди вакиллари, имтиҳон олувчи педагог-ўқитувчилар ҳамда абитуриентлар иштирок этди.

Тадбир анъанага кўра Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар ила бошланди. Дастлаб Олий мактаб ректори Олимхон домла Юсупов қабул имтиҳонларини юқори савияда ўтказиш учун кўрилган тайёргарлик ишлари, имтиҳон жараёнида абитуриентлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берди.

Тадбирда сўзга чиққан Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Мақсудов ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбековлар қабул имтиҳонларидан энг асосий мақсад абитуриентларнинг энг билимли ва зукколарини саралаб олиш экани, шу боис имтиҳонларни шаффоф, очиқ ва ошкора ўтказишга алоҳида эътибор берилиши зарурлигини қайд этди.

Сўнгра Диний идора Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов абитуриентларга ижодий имтиҳони ўтказиш тартиб-қоидалари ва баҳолаш мезонларини тушунтирди. Кейин қабул ҳайъати аъзолари, абитуриентлар ва ота-оналар гувоҳлигида имтиҳон билетлари солинган ва муҳрланган махсус қоплар очилиб, имтиҳон жараёнлари бошланди.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 10 июль кунидан бошлаб Ҳадис илми мактабига ҳужжат топширган абитуриентлар учун “Араб тили”, “Ҳадис истилоҳлари”, “Ҳадис шарҳлари” ва “Ўзбекистон тарихи” фанлари бўйича масофавий тайёрлов курси ташкил этилди. Унда ижодий имтиҳон ва тест синовларини ўтказиш тартиб-қоидалари тушунтириб борилди.

Маълумот учун, эртага, 27 июл куни “Араб тили” ва “Ўзбекистон тарихи” фанларидан тест синовлари ўтказилади.

Бугунги ижодий имтиҳон очиқ ва шаффоф тарзда ўтказилмоқда. Мазкур жараённи қуйидаги линклар орқали онлайн кузатишингиз мумкин:


https://youtube.com/live/KL_9CgU0ayo?feature=share

https://youtube.com/live/04NZJP1E_OI?feature=share

https://fb.me/e/3O3cg3ebz?mibextid=RQdjqZ

https://us06web.zoom.us/j/87574287131?pwd=MWk2ZjlHcTBCbUlzZXMxL0hwS1BFZz09

Ўзбекистон мусулмолари идораси
Матбуот хизмати

1011 марта ўқилди

Янгиликлар

Top