Ўзбекистон янгиликлари

Исоқжон Бегматов имом-хатиб вазифасидан озод этилди


Аввал хабар берганимиздек, бугун 25 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Ички назорат комиссияси томонидан халқ орасида “Исоқжон домла” деб танилган Тошкент шаҳридаги “Имом Термизий” жоме масжиди имом-хатиби Исоқжон Бегматовнинг ижтимоий тармоқлардаги бир қатор чиқишлари кенг муҳокама қилинди.

Комиссия аъзолари томонидан имом-хатибнинг турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлган ҳиссиётга берилиб қилган кескин чиқишлари, уламолар фатволарига нисбатан айрим тескари фикрлари, ихтилофли масалаларни кўтариши оқибатида, низо ва қарама-қаршиликларга сабаб бўлгани қаттиқ танқид остига олинди.

Ички назорат комиссияси аввал ҳам ушбу имом-хатибнинг мана шундай чиқишларини бир неча бор кўриб чиқиб, уни жиддий огоҳлантирган эди. Афсуски, бундай ҳолатлар яна такрорланишда давом этди.

Йиғилишда И.Бегматовнинг мазкур чиқишлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси муносабатини мутлақо ифода этмаслиги, балки унинг ўзбилармонлик ила айтган шахсий фикр-мулоҳазалари экани таъкидланди.

И.Бегматов ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлган чиқишларида жиддий хатога йўл қўйганини эътироф этди ва пушаймонлигини билдирди.

Ички назорат комиссияси қарорига асосан имом-хатиб мазкур чиқишларида ушбу йўналишдаги буйруқлар талаблари, ички тартиб-қоидалари ҳамда меҳнат мажбуриятларига мунтазам равишда риоя этмагани учун Исоқжон Бегматов Тошкент шаҳридаги “Имом Термизий” жоме масжиди имом-хатиби вазифасидан озод этилди.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида тузилган Ички назорат комиссияси диний соҳа ходимлари фаолиятини тартибга солиш, камчиликларга йўл қўйганларга таъсир чораларини қўллаш ва ҳалол-пок хизмат қилаётганларни рағбатлантириш каби ваколатларга эгадир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1058 марта ўқилди

Янгиликлар

Top