Ўзбекистон янгиликлари

Татаристон президенти Самарқандда зиёратда бўлди

Ўзбекистонда меҳмон бўлиб турган Татаристон президенти Рустам Миннихонов Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилган эди. Кеча қадим Самарқанддаги муқаддас қадамжо ва тарихий обидаларни зиёрат қилди.

Эътиборли меҳмон Марказий Осиёда биринчи бўлиб қурилган ҳазрати Хизр масжиди билан ҳам танишди. 1300 йиллик тарихга эга муҳташам обиданинг асраб-авайланганини кўриб, тасанно айтди.

Шунингдек, Р.Миннихонов Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, Шоҳи Зинда мажмуаси, Амир Темур мақбараси, Регистон майдони ва Мирзо Улуғбек расадхонасини томоша қилди. «Мазкур иншоотларнинг ҳар бири халқимизнинг бой ўтмиш ва қадимий маданиятга эга эканидан далолат беришини қайд этди», деб ёзади ЎзА.

ЎзАнинг қайд этишича, Сиёб деҳқон бозоридаги тўкин-сочинлик, шарқона савдо маданияти ҳам меҳмонда катта таассуруот қолдирган. «Серқуёш заминимизда етиштирилган ноз-неъматлардан татиб кўриб, улар Татаристонда ҳам жуда харидоргир эканини таъкидлади», дейилади агентлик ахборотида.

Татаристон президенти Самарқандга келишни анчадан буён орзу қилганини айтиб, Ўзбекистонга ташрифи Самарқанддан бошланганидан жуда хурсанд бўлганини билдирган. Бу қадимий шаҳар чиндан ҳам ер юзининг сайқали, тарихан цивилизация маркази бўлганига яна бир бор амин бўлганини изҳор қилган.

4983 марта ўқилди

Янгиликлар

Top