2017 йил 5 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид билан учрашув бўлиб ўтди. Меҳмонларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари қабул қилдилар.
Муфтий ҳазратлари делегация аъзоларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолияти, юртимизда фаолият юритаётган 2042 та масжид, 9 та ўрта-махсус ислом билим юрти, 2 та олий ўқув юрти ҳақида атрофлича маълумот бердилар. Шунингдек, учрашувда бугун юртимизда мўмин-мусулмонлар эмин-эркин ибодат қилишлари учун янада яхши шарт-шароитлар муҳайё этилгани, ҳар йили 13 мингдан зиёд юртдошларимиз муборак ҳаж ва умра сафарларига бориб келаётгани, жорий йилда ҳаж сафарига борувчилар сони оширилгани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Суҳбат давомида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи ҳамда билдирган таклифлари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Самимий руҳда кечган учрашув якунида БМТнинг махсус вакили Аҳмад Шаҳид Ўзбекистондаги турли дин вакиллари ўртасидаги тотувлик ва ҳамжиҳатлик дунёнинг ҳеч бир давлатида кузатилмаслигини эътироф этди.
Жаноб Аҳмад Шаҳид бошчилигидаги делегация аъзоларига Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг эсдалик совғалари тақдим этилди. Ўз навбатида, Аҳмад Шаҳид муфтий ҳазратларига қабул учун алоҳида миннатдорчилик билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ахборот хизмати