Ўзбекистон янгиликлари

Масжидларнинг янги бинолари қад ростламоқда

Аллоҳга шукрки, юртимиздаги икки мингдан зиёд масжидларимиз кундан-кунга обод бўлмоқда. Янгидан-янги масжидлар қурилмоқда, кўплари таъмирланиб, чиройли ҳолатга келтирилмоқда. Намозхонлар бундай жоме масжидларда ибодатларини хотиржам адо этаётганларидан мамнунлар.

Мана шундай ишларни узвий давом эттириш йўлида бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари жойлардаги масжидлар ҳолатини яхшилаш, имом-хатиблар фаолиятини жадаллаштириш, мўмин-мусулмонларимизнинг талаб ва истакларини таъминлаш мақсадида, Самарқанд вилоятига ташриф буюрдилар. Қатор ислоҳот ва бунёдкорлик ишлари қизғин давом этаётган паллада муфтий ҳазратларининг вилоятга ташрифи алоҳида маъно ва аҳамият касб этиб, самарқандлик уламолар, имом хатиблар ва мўмин-мусулмонлар томонидан алоҳида эҳтимом билан қарши олинди.

Муфтий ҳазратлари дастлаб, Ургут туманига ташриф буюриб, “Мерганча” маҳалласида қад ростлаётган туман марказий масжидининг янги биноси қурилиши жараёни билан танишдилар. Шунингдек, ушбу тумандаги “Домла Қурбон”, Самарқанд туманидаги “Имоми Аъзам”, Самарқанд шаҳридаги “Намозгоҳ” масжидларида олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари билан яқиндан танишиб, бунёдкорлик ишларини замонавий ва миллий меъморчилигимизга мос шаклда амалга ошириш бўйича тавсиялар бердилар.

Таъкидлаш жоизки, қурилиш ишларига энг моҳир уста ва муҳандислар жалб этилган. Бундай эзгу ишга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрат ила меҳнат қилишмоқда. Зеро, масжид қуриш, уни обод этишнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида кўп баён қилинган. Бу ҳақда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилинади: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.

Дарҳақиқат, масжидлар ободлиги юрт ободлигидир. Зеро, масжидга ибодат қилиш учун келган кишилар она-Ватан тинчлиги, халқ осойишталигини сўраб, дуо қилишади. Бу мустажоб дуоларнинг шарофати ила Яратган юртимизни янада фаровон қилади.

Самарқанд вилоятида янгидан қад ростлаётган ушбу жоме масжидлар, мўмин-мусулмонларимиз учун жуда ҳам катта туҳфалар бўлади, иншоаллоҳ.

 

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Самарқанд вилояти вакили

5875 марта ўқилди

Янгиликлар

Top