2017 йил 17 октябрь куни мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров Самарқандга ташриф буюрди. Ташриф марҳум Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиш билан бошланди. Қабр олдида таомилга кўра, Қуръони карим тиловат қилинди.
Мартабали меҳмон марҳум юртбошимиз Ислом Каримов дафн этилган ҳудудда барпо этилаётган ёдгорлик мажмуаси билан яқиндан танишди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмалари асосида такомиллаштирилаётган мажмуада олиб борилаётган ишлар Чеченистон раҳбарида катта таассурот қолдирди.
Рамзан Қодиров Имом Бухорий мажмуасига ташрифи асносида Имом Бухорий ҳазратларининг қабрини зиёрат этар экан, у кишига бўлган юксак эҳтиромини изҳор этди. Бобокалонимизнинг қабрлари пойида Қуръони карим оятларидан ўқилиб, дуо қилинди. Меҳмон мажмуа тарихи билан танишиб, дунё аҳли тан олган буюк имомга кўрсатилаётган давлат даражасидаги эътиборни юксак баҳолади.
Мажмуа ёнидан бунёд этилаётган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази аждодларимизнинг бой маънавий мероси нафақат юртимизда, бутун ислом оламида кенг ўрганилиши катта имконият бериши эътироф этилди.
Меҳмонлар ташриф давомида “Хўжа Дониёр” зиёратгоҳи, буюк саҳоба Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳу мангу қўним топган “Шоҳи Зинда” мажмуаси ва “Регистон” ансамблини ҳам зиёрат қилишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги