Ўзбекистон янгиликлари

Саудия Арабистонида ўтказилган халқаро Қуръони карим мусобақасида вакилларимиз иштироки

 Ҳар йили дунёнинг турли мамлакатларида анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган халқаро Қуръони карим мусобақаларида  диёримиздан  етишиб чиқаётган иқтидорли қориларимиз юртимиз вакили сифатида қатнашиб келмоқда.   Яқинда шу йилнинг 7-11 октябрь кунлари Қуръони каримни ёддан ўқиш ва тафсир қилиш бўйича Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Маккаи мукаррама шаҳрида ўтказилган 39-Халқаро Қуръони карим мусобақаси бўлиб ўтди.  Унда икки нафар вакилимиз – Тошкент ислом институти битирувчиси  Сайдулло қори Тоҳиров ва  “Кўкалдош” ислом билим юрти талабаси Абдулбасир қори Камолов иштирок этиб қайтишди.

Мазкур мусобақада дунёдаги 70 дан ортиқ давлатдан етук Қуръон ҳофизлари иштирок этиб, улар орасида вакилларимиз Қуръони  каримнинг тўлиқ 30 порасини ва 15 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш йўналишида қатнашди.

Мусобақа қуйидаги 4 йўналишда ўтказилди:

  1. Қуръон каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиб бериши билан бирга Қуръони каримдаги ояти карималарнинг тафсирини билиш.
  2. Қуръон каримнинг 30 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш.
  3. Қуръон каримнинг 15 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш.
  4. Қуръон каримнинг 5 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш.

Ушбу йўналишлардаги юқори уч ўринни қўлга киритган қориларга совринли мукофотлар топширилди. Қориларимиз ўз йўналишида ғолиб ўринлардан кейинги кучли ўнталикдан ўрин эгаллашди.

Вакилларимизга мусобақадаги иштироки тўғрисида ташаккурнома ёрлиғи тақдим этилди.  Улар Саудия Арабистони сафари давомида Маккаи мукаррамада умра ибодатини адо этишди. Мусобақа ташкилий ҳайъати  томонидан Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунаввара шаҳарларидаги муқаддас қадамжоларга иштирокчилар учун зиёрат уюштирилди.

Халқаро алоқалар бўлими

18.10.2017 йил

6681 марта ўқилди

Янгиликлар

Top