Ўзбекистон янгиликлари

“Йил имоми – 2023” ғолиби аниқланди ва Ҳаж йўлланмаси билан тақдирланди

Шу йил 5 декабрь куни масжидларда фаолият юритаётган имом-домлалар ўртасида “Йил имоми – 2023” кўрик танловининг республика босқичи бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган 14 нафар имом-домла беллашди.

Иштирокчилар Қуръони карим қироати ва тафсири, ақида, фиқҳ, Ислом тарихи, ҳадис илмлари, алломалар ижодига оид саволларга жавоб бердилар. Шунингдек, меҳнат фаолиятлари давомида амалга оширган ишлари ва ижодларини намойиш этдилар. Қатнашчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан мезонлар асосида баҳоланди.

Танлов натижаларига кўра, қуйидаги иштирокчилар совринли ўринларга муносиб топилди:

1-ўрин – Тошкент шаҳридаги  “Холид ибн Валид” жоме масжиди  имом-хатиби Исроилжон домла Исмоилжоновга I даражали диплом ва Ҳаж сафари йўлланмаси;

2-ўрин – Андижон вилоятидаги “Мирзахолиқ ота” жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммадийхон домла Ҳожиевга II даражали диплом ва 15 млн. сўм пул мукофоти;

3-ўрин – Самарқанд вилоятидаги “Шайх Худойдод Вали” жоме масжиди имом-хатиби Анвар домла Аҳмедовга III даражали диплом ва 12 млн. сўм пул мукофоти топширилди.

Аллоҳ таоло ғолибликни муборак айласин, қолган иштирокчиларга ҳам келгусида муваффақият  ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

1002 марта ўқилди

Янгиликлар

Top