Ўзбекистон янгиликлари

Илмий мактаблар фаолиятини бошлаш арафасида

25 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ўтказилган йиғилишда Самарқанд вилоятида “Ҳадис”, “Калом”, Фарғона вилоятида “Ислом ҳуқуқи”, Бухоро вилоятида “Тасаввуф”, Қашқадарё вилоятида “Ақида” илмий мактаблари фаолиятини ташкил этиш бўйича масалалар келишиб олинди.

Мажлисни Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов кириш сўзи билан очиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 15 июнда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги видеоселекторда аҳоли, айниқса, ёшларни бузғунчи ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, уларни миллий-диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, буюк аждодларимиз қолдирган илмий меросни ўрганиш мақсадида, Самарқанд вилоятида ҳадис илми, калом илми, Фарғона вилоятида ислом ҳуқуқи, Бухоро вилоятида тасаввуф, Қашқадарё вилоятида ақида мактабларини ташкил этиш бўйича берган тавсия ва кўрсатмаларига алоҳида тўхталиб, мазкур мактаблар фаолиятини ташкил этиш юзасидан таклифлар билдирди.

Йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўз олиб, ташкил этилаётган мактаблар олдига жуда катта вазифалар қўйилганини алоҳида таъкидлаб, ҳар бир мактабларда фаолият олиб бориш учун жалб қилинадиган ўқитувчилар диний идорада тузиладиган махсус ҳайъат суҳбатидан ўтказилгандан сўнг иш бошлашини маълум қилдилар.

Шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Минаваров муҳокамада сўзга чиқиб, ташкил этилаётган мазкур мактаблар Ислом цивилизацияси маркази ҳузурида ташкил этилаётган Ислом академияси ва магистратура мутахассисликларида таҳсил олиш истагида бўлганларни тайёрлашда ҳам муҳим ўрин эгаллашини таъкидлаб ўтди.

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Убайдулла Уватов ушбу мактабларга диний маълумотга эга бўлган мутахассислар билан бир қаторда дунёвий илмларга эга бўлган фан номзоди ва фан докторларини ҳам жалб қилиш кераклигини таъкидлаб ўтди.

Сўзга чиққан нотиқлар мазкур илмий мактаблар илмий-тадқиқот маркази шаклида ташкил этилиши, уларда юртимизда шаклланган устоз-шогирд анъаналарига асосланган Бухоро, Самарқанд мактаблари услубида фаолият олиб боришини алоҳида қайд этишди. Шунингдек, илмий мактаб ходимлари ихтисослиги бўйича мўътабар асарлар асосида давра дарсларини олиб бориши, соҳага оид асарлар устида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориши, тингловчилар (илмий изланувчи) учун тегишли асарларни давра дарслари шаклида ташкил этилиши, жамиятдаги турли диний масалаларни чуқур ўрганган ҳолда матбуотда материаллар эълон қилиниши тўғрисида сўз борди.

Шу ўринда маълумот ўрнида айтиш керакки, ушбу илмий мактабларга диний маълумоти тўғрисида ҳужжатга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари суҳбат асосида тингловчи сифатида қабул қилинади. Тингловчиларга илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва давра дарсларида иштирок этиш муддати белгиланмайди, яъни таълим замонавий модуль шаклида олиб борилади. Мактаб тингловчиларига маълум бир асарни тамомлаганлиги тўғрисида махсус сертификат (ижоза) берилади.

Йиғилиш сўнггида мактаб фаолиятини юритиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

7417 марта ўқилди

Янгиликлар

Top