Ўзбекистон янгиликлари

Илмий мактаблар иш бошлади

Бугун, 8 ноябрь куни Самарқанд вилоятидаги “Ҳадис” ва “Калом” илмий мактабларининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари иштирок этишди.

Тадбирда муфтий ҳазратлари сўзга чиқиб, шундай дедилар:

– Муҳтарам Юртбошимиз томонларидан ўтган муборак Рамазон ойида диний соҳа ходимлари анжуманида юртимизда калом, ҳадис, фиқҳ, ақида ва тасаввуф илмий мактабларини ташкил этиш ҳамда ушбу мактабларда имом-хатибларнинг махсус фанлар бўйича билимларини мунтазам ошириш масаласи қўйилган эди. Мана бугун Аллоҳ таолонинг инояти билан биринчи бўлиб, Самарқанд вилоятида Калом ва Ҳадис илмий мактаблари очилди. Мана шу икки мактабдан келажакда исломий илмлар бўйича фан докторлари етишиб чиқиб, буюк аждодларимизнинг калом ва ҳадис фанида ёзилган бебаҳо илмий меросларини ўрганиб бутун халқимиз, хусусан, ёшларимизга етказади. Ушбу мактабларга имом-хатибларни тингловчи сифатида қабул қилиб, кучли билим ва тафаккурга эга бўлган уламоларни етиштириб чиқаришимиз лозим.

Муфтий ҳазратлари ўз сўзларида давом этиб, ушбу янги мактабга буюк ватандошимиз Имом Бухорийнинг “Ал-Адаб ал-Муфрад” асарини  тақдим этиб, ушбу китобдаги 1322 та ҳадисни тингловчилар ёд олишларини асосий вазифа қилиб қўйдилар.

Йиғилишда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимиз бугунги кун имом-хатибларини янада кучли билим ва салоҳиятли инсонлар бўлишини бу борада диний таълим тизимида барча керакли ишларни амалга оширишга давлатимиз тайёр эканини айтиб ўтди.

О.Юсупов ўз сўзида давом этиб, муҳтарам Юртбошимиз БМТ бош ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ҳам бугун дунёда ислом номи остида турли ёвуз кучлар ўз мақсадларига эришмоқчи бўлишаётгани, бундай гуруҳ ва оқимларнинг ботил ғояларига қарши туриш, муқаддас ислом динимизни доимо ҳимоя қилиш тўғрисидаги алоҳида тўхталганларини билдирди.

Сўзга чиққан нотиқлар мазкур илмий мактаблар илмий-тадқиқот маркази шаклида ташкил этилиши, уларда юртимизда шаклланган устоз-шогирд анъаналарига асосланган Бухоро, Самарқанд мактаблари услубида фаолият олиб боришини алоҳида қайд этишди. Шунингдек, илмий мактаб ходимлари ихтисослиги бўйича мўътабар асарлар асосида давра дарсларини олиб бориши, соҳага оид асарлар устида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориши, тингловчилар (илмий изланувчи) учун тегишли асарларни давра дарслари шаклида ташкил этилиши, жамиятдаги турли диний масалаларни чуқур ўрганган ҳолда матбуотда материаллар эълон қилиниши тўғрисида сўз борди.

Шу ўринда маълумот ўрнида айтиш керакки, ушбу илмий мактабларга диний маълумоти тўғрисида ҳужжатга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари суҳбат асосида тингловчи сифатида қабул қилинади. Тингловчиларга илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва давра дарсларида иштирок этиш муддати белгиланмайди, яъни таълим замонавий модуль шаклида олиб борилади. Мактаб тингловчиларига маълум бир асарни тамомлаганлиги тўғрисида махсус сертификат (ижоза) берилади.

Тадбир сўнгида муфтий ҳазратлари икки мактабнинг устоз ва тингловчилари ҳақига ҳамда юртимизда олиб борилаётган диний соҳадаги барча ишларга ривож сўраб дуойи хайрлар қилдилар.


Аввалроқ, 8 ноябрь куни Тошкент шаҳрида “Йил имоми-2017” кўрик танлови ташкил этилгани ҳақида хабар берган эдик. Унда Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани “Оқилон” жоме масжиди имом-хатиби Исомиддин Аҳроров биринчи, Тошкент вилояти Қибрай тумани “Саъдулла ота” жоме масжиди имом-хатиби Обиджон Мирҳамидов иккинчи, Навоий вилояти Нурота тумани “Чил Устун” жоме масжиди имом-хатиби Жамолиддин Мубинов учинчи ўринларни қўлга киритгани айтиб ўтилган эди.

 

 

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Самарқанд вилояти вакили, бош имом-хатиб

5773 марта ўқилди

Янгиликлар

Top