Ўзбекистон янгиликлари

Фуқаролар мурожаати ўз ечимини топмоқда

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг аҳоли билан самимий мулоқоти кўплаб муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда.

Бугун, 15 май куни Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Диний идорада фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитдилар. Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган масжидлар ҳолати, имом-хатиб фаолияти, оилавий масалалар, ҳаж, диний таълим ҳамда моддий ёрдам олиш сингари масалаларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.

Жумладан, оилавий муносабатларда келганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди. Масжид ва имомлар фаолиятига оид мурожаатлар кўриб чиқиш учун идора бўлимларига тегишли вазифалар юкланди.

Мана шундай самимий қабул ва ғамхўрликдан мамнун бўлган фуқаролар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан кўрсатилган эътибордан кўнгиллари шод бўлишиб, хайрли дуолар қилишди.

Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

657 марта ўқилди

Янгиликлар

Top