Ўзбекистон янгиликлари

Одамларни эшитиш, дардига дармон бўлиш – савобли иш

Бугун, 28 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида уламолар, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари, нуронийлар, Тошкент шаҳар ҳокимияти вакиллари ҳамда аввал турли руйхатларда бўлган фуқаролар билан очиқ, дилдан суҳбат бўлиб ўтди. Мулоқотда бугунги кунда давлатимиз томонидан олиб борилаётган дин соҳасидаги улкан ўзгаришлар, Яратган Парвардигорнинг бундай неъматларига шукрона қилиш, тўғри йўлга қайтган кишиларнинг ҳаётини яхшилаш ва муаммоларини бартараф этиш ҳақида сўз борди.
Ҳақиқатан ҳаётда бирон-бир муаммога дуч келган одам аввало дардини ким биландир бўлишгиси келади. Шундай лаҳзада уни кимдир диққат билан эшитса, бир оғиз ширин сўз билан таскин берса, тўғри йўлга бошласа, мушкули осонлашади. Кўпинча адашган одамга тўғри берилган йўл-йўриқ туфайли кишида ҳаётда ўз ўрнини топишда ишонч пайдо бўлади. Эшитиш ва таскин бериш билан чекланмай, амалий ёрдамга қўл чўзилганда эса одам ўзини чин маънода бахтли ҳисоблайди.
Ҳудди мана шу нуқтаи назардан диний соҳа ходимлари ва кенг жамоатчилик вакиллари адашган оқимларга мойил бўлган оилаларга кириб, танлаган йўллари нотўғри экани ҳақида Қуръони карим, ҳадиси шариф ва уламоларнинг ишончли далиллари асосида тушунтириш ишларини олиб боришди. Адашган фуқароларни соғлом турмуш тарзига қайтариш, қилмишидан пушаймон бўлиб, афсус-надомат чекаётганларга руҳий тасалли бериб, ҳаётда ўз ўрнини топишларига имом-хатиблар яқиндан кўмак бериб келмоқдалар.
“Шайх Зайниддин” жоме масжидида бир пиёла чой устида бўлиб ўтган ушбу суҳбат ҳам бу борада қилинаётган савобли ишларнинг узвий давоми бўлди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари дилларидаги самимий, илиқ сўзларни айтиб, йиғилганларнинг кўнглини шод этишди.
Дарҳақиқат, муҳтарам Президентимиз ҳар бир чиқишларида халқимизни рози қилиш, аҳоли билан мулоқот қилиш, дарду ташвишларини ўрганиш, муаммоларини ҳал этиш, адашганларни тўғри йўлга бошлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш каби муҳим мавзуларга катта эътибор қаратиб келмоқдалар. Юртбошимиз ташаббуслари билан адашиб ёт ғояларга алданиб қолган фуқароларимизнинг дарди ва мақсадини ўрганиш, тўғри йўлга қайтариш, уларни камситилишига мутлақо йўл қўймаслик, қўллаб-қувватлаш, жамиятга киришиб кетишларини таъминлаш ишлари амалга оширилди.
Ўтган олти ой давомида Тошкент шаҳрида 2273 нафар, Шайхонтоҳур тумани бўйича эса 648 нафар фуқаролар ҳар хил рўйхатлардан чиқарилиб, эмин-эркин ҳаёт кечириш учун барча шароитлар муҳайё қилинди.
Жорий йилнинг июнь-июль ойларида улар билан бўлиб ўтган суҳбатлар натижасига кўра, Шайхонтоҳур туманидаги бир гуруҳ фуқаролар жамоатчилик гуруҳига муаммолар билан мурожаат этган эди. Уларни бартараф этиш бўйича маҳалла, туман ва шаҳар миқёсида амалий ишлар олиб борилди. Масалан, 118 нафар шахс амбулатор ва стационар шароитда соғломлаштирилди, 352 нафар бола ўз хоҳишига кўра, тўгаракларга жалб этилди. Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган 12 нафар шахсга кредит олишда кўмаклашилди, 3 нафар оиланинг уй-жой шароитини яхшилаш учун Сергели туманидаги янги кўп қаватли уйлардан олишга тавсия берилди.
Бўлиб ўтган учрашувда ҳам бу хайрли анъанани давом эттириб, бир қанча кишиларнинг тадбиркорлик ва бошқа масалаларда учраб турган муаммолари тегишли ташкилотларнинг масъул шахслари томонидан назоратга олиниб, ҳал этилиши юзасидан чоралари кўрилиши эслатиб ўтилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан йиғилиш иштирокчиларига ҳар қандай таклиф ва мурожаатларни қабул қилиб, зарур ёрдамни кўрсатилиши учун эшиклари ҳар доим очиқ экани яна бир бор маълум қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

6145 марта ўқилди

Янгиликлар

Top