Ўзбекистон янгиликлари

Алломага бағишланган адабий-ижодий кеча

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида “Абу Муин Насафий ойи” муносабати билан 29 ноябрь куни бадиий-ижодий кеча ташкил этилди.  

Тадбирга Имом Термизий халқаро илмий тадқиқод маркази директори, профессор Убайдулла Уватов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими масъул ходими Умид Хўжаевлар таклиф этилди.

Устоз Убайдулла Уватов ўз маърузасида мусулмонларнинг бир эътиқодда жам бўлишида Имом Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин Насафий ва бошқа юртимиз алломаларининг хизмати беқиёслиги, Абу Муин Насафий ҳаёти ва ижоди, ёзиб қолдирган асарларининг бугунги кундаги аҳамияти, ақида илмининг ривожланишида алломанинг ўрни ҳақида маълумотлар бериб ўтди.

Тадбирда яқинда ўзбек тилида нашр этилган Абу Муин Насафий қаламига мансуб “Табсират ул адилла” асарининг тақдимоти бўлиб ўтди. Асар таржимасида иштирок этган мударрислар Жалолиддин Холмўминов ва Ғиёсиддин Баратовлар асар ҳақида ўзларининг фикрларини билдирдилар.

Шундан сўнг билим юрти талабалари ўзлари тайёрлаган инглиз ва араб тилларидаги чиқишларини намойиш этдилар. Шундан сўнг талабалар ўртасида  Абу Муин Насафий ҳаёти, ижоди, асарлари бўйича рефератлар танловида фаол иштирок этган талабалар тақдирланди.

Танловда биринчи ўринни 2-курс талабаси Муҳаммадшокир Насриддинов, иккинчи ўринни 1-курс талабаси Иброҳим Ҳайдаров ва учинчи ўринни 3-курс талабаси Исмоил Иброҳимов қўлга киритди. Ғолибларга билим юртининг I-II-III- даражали дипломлари ва эсдалик совғалари топширилди.

Шунингдек, ижодий ишлари билан фаол иштирок этган  3-курс талабаси Абдусами Эргашев ва 1-курс талабаси Муҳриддин Аббосхонов билим юртининг фахрий ёрлиғи ва рағбатлантирувчи мукофоти билан тақдирланди.

А.Ғаниев,

 билим юрти мудири муовини 

 

5174 марта ўқилди

Янгиликлар

Top