Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон Президенти жаҳоннинг биринчи ўн етакчиси рўйхатида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев минтақадаги вазиятлар ўзгаришига таъсир кўрсатишга қодир жаҳоннинг ўн нафар етакчиси рўйхатига киритилди. 

“Derin Ekonomi” журналининг шарҳловчилари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни ўз мамлакати ва минтақасидаги вазиятлар ўзгаришига сезиларли таъсир кўрсатишга қодир бўлган жаҳоннинг биринчи ўн нафар етакчиси рўйхатига киритдилар. Бу ҳақда “Жаҳон” ахборот агентлиги хабар берди. 

Хабарда дунё жамоатчилиги Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришларни диққат билан кузатиб бораётгани баробарида уларга юқори баҳоларни ҳам бермоқда. Мамлакатимизда кечаётган ҳозирги ўзгаришлар, хорижлик экспертларнинг фикр билдиришларича, нафақат миллий, балки умумий халқаро аҳамият ҳам касб этиб бораётгани қайд этилган. 

Мазкур рўйхатдан муҳим аҳамиятга молик қарорлари билан ўз мамлакатлари ва минтақаларидаги мавжуд вазиятни ўзгартириб юборадиган ва бу билан халқаро майдондаги вазиятга фаол таъсир кўрсатадиган ҳамда жаҳон оммавий ахборот воситаларининг “nyusmeykeri” (news maker), яъни уларнинг диққат-эътибори объекти бўлиб қолаётган етакчилар номлари жой олди. 

Мутахассисларнинг қайд этишларича, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланган биринчи кунларданоқ мамлакатни ялпи либераллаштириш, “ҳар ерда ҳозиру нозир” бўлган ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини тартибга солиш, диний эътиқод эркинлигини таъминлашга қаратилган чуқур ислоҳотларни ҳаётга тадбиқ этмоқда. 

Таъкидланганидек, янги раҳбарият бошчилигида Ўзбекистонда мамлакатни амалда эркин бозор иқтисодиёти сари ҳаракатлантиришга ҳамда ташқи савдо ва валюта сиёсатини либераллаштиришга йўналтирилган ўта муҳим қарорлар қабул қилингани хорижлик сармоядорлар учун республиканинг жозибадорлигини оширди. 

Бошқа давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан ўзаро муносабатларни тубдан яхшилаш йўлини тутгани Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти лавозимидаги энг катта эътиборга муносиб қадамларидан бири бўлди. 

Турк нашрларида қайд этилишича, мазкур рейтингдан жой олган ўн мамлакат етакчиларининг исми шарифлари, эҳтимол, шу пайтга қадар жаҳон ҳамжамияти учун таниқли бўлмаган, бироқ 2018 йили улар “ҳар бир кишига ўзларини танитишади”.

ЎМИ матбуот хизмати

4620 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top