Ўзбекистон янгиликлари

Тошкент шаҳридаги оилавий ажримларнинг сабаби нимада?

Мамлакатимизда оилавий ажримларнинг олдини олиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг Тошкент шаҳар бўлими берган маълумотига кўра, 2016 йилда пойтахтимизда уч мингга яқин оилавий ажримлар қайд этилган. Бу кўрсаткич 2017 йилга келиб мингтага камайган, деб хабар беради ЎзА.

Тошкент шаҳридаги 505 маҳалла фуқаролар йигини ҳузурида ташкил этилган яраштириш комиссияларининг саъй-ҳаракати билан ўтган йилда 907 та оилавий ажримлар олди олинди. 

Оилавий ажримлар таҳлил этилганда, етишмовчилик, оилани боқа олмаслик эмас! Уларнинг аксарияти ўзига тўқ, бойлиги ўзига етарли хонадонларда юз бераётгани аён бўлмоқда. Уларнинг баъзиларида ўта арзимас, айтишга, баҳона қилишга тилинг бормайдиган важлар эканлиги ғоят ачинарли ҳолат. Мисол учун, “келиннинг сепи муносиб келмаганмиш”, “келиннинг отаси куёвга яхши ёрдам бермасмиш...”, “куёвига машина совға қилмоқчи бўлган қайнота ўз ваъдасида турмабди”, қайноналарнинг ўта талабчанлиги, қайнона-келин можароси аксарият ажримларда эса Тошкент шаҳрида доимий рўйхат ўтиш масалалари, ёшларнинг ортиқча хойу ҳавасга ҳирс қўйиши ёки улар ўртасидаги ўзаро меҳр-муҳаббат ва ҳурматнинг йўқолгани каби қатор омиллар сабаб бўлаётгани аниқланди. 

Шуни унутмаслик керакки, битта ажрим – жамиятда битта кемтик юзага келди, дегани. Бегуноҳ норасидалар ота ё онасиз вояга етади, дегани. Қолаверса, ота ёки онасиз ўсган фарзанднинг ҳар жиҳатдан баркамол улғайишига ҳам кафолат йўқки, бунинг салбий оқибатларини, кўплаб ҳуқуқбузар ва жиноятчилар одатда ажрашган оилалардан етишиб чиққанини кундалик ҳаётда кўриб, кузатиб турибмиз.

Халқимиз орасида жаҳл чиққанда, ақл қочади, деган нақл юради. Ана ўша жаҳлни ақлга бўйсундира олган инсон, чинакам бахтлидир. Нима бўлганда ҳам бир дастурхон атрофида, ота-она, фарзандлар тафтини ҳис этиб, бир бутун оила бўлиб яшашга нима етсин.

 

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

 

5563 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top