Ўзбекистон янгиликлари

Қуръон байрами Зоминдан бошланди

Ўзбекистон халқи ўзгача интиқлик билан кутган катта шодиёна бугун Зомин тумани “Маърифатли” масжидида бошланди. Эрта тонгдан Жиззах вилоятининг узоқ-яқин туманларидан, Самарқанду Сирдарёдан одамлар – эркагу аёл, ёшу қари Қуръони каримга сомеъ бўлишни ният қилиб гуррос-гуррос келаверишди. Боришга имкон топа олмаган юртдошларимиз онлайн тарзда кузатиб боришди. Мусобақани кузатаркан, ўзларининг хурсандчиликларини “Фейсбук” тармоғи орқали изҳор қилиб ҳам туришди. Бир-биридан гўзал овозда тиловат қилаётган қориларимизни тинглаётган томошабинлардан бири завқи ичига сиғмасдан “қалбим жўшиб кетяпти”, деб ёзганда кўпчиликнинг кўнглидан ўтиб турган самимиятни ифода этди.
Ҳақиқий илму қироат беллашуви очилгач, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг мусобақа иштирокчиларига табриги етказилди. Жумладан, унда: “Бугун барчамиз Аллоҳнинг буюк неъмати – Ўз Каломини ёд олиш шарафига эга бўлган ўғил-қизларимизнинг чиройли савтлари ва Қуръон ўқишдаги маҳоратларидан баҳраманд бўлиб, иншааллоҳ, завқланамиз. Дарҳақиқат, мусулмон киши учун Раббисининг каломини ўқиш ёки уни тинглашдан-да роҳатбахш нарса бўлмайди”, деб алоҳида қайд этилган.
Дарҳақиқат, дунёда байрамлар, хурсандчиликлар, шодиёналару тантаналар кўп. Аммо уларнинг барчаси бир тарафу бу байрамнинг шукуҳи бир тараф бўлди. Шундай бўлиши табиийдир. Илло, муфтий ҳазратлари табригида айтилганидек, Қуръони карим инсонларни тўғри йўлга бошлайдиган, ақл юргизиб, тафаккур қилиб ўқилса, ҳидоятга чорлайдиган муқаддас китобдир. Инсон Қуръони карим оятларини ёд олгани сари руҳи енгиллашиб, зеҳни ўткир бўлиб бораверади.
Бугун айнан шундай бўлди: мўътабар Китобни ўқиганлар, тинглаганларнинг ҳақиқатан, руҳи енгил тортиб, қалбларида титроқ турди; кўзлари ёшга тўлиб, шундай ажойиб кунларга, ана шундай файзли, тароватли мусобақаларни ўтказадиган кунларга етказгани учун Парвардигори оламга шукронлар айтиб, мусобақа ташаббускори бўлган Президентимизнинг, бу ишларга бош бўлган муфтий ҳазратларининг, ташкилотчи бўлган олиму уламоларнинг ҳақларига чин кўнгилдан дуолар қилдилар.
Бу шундай фазилатли мусобақа бўлдики, шу масканда ҳозир бўлганлар, уларнинг яқинлари, дуо умидида ётган азизлари, хусусан, ушбу манзил-маконда мангуга қўним топган табаррук инсонларнинг ҳам руҳлари шод бўлди.
Бир сўз билан айтганда, Зоминнинг еру осмони бугун нурга тўлди, бу ерда Аллоҳ таолонинг фаришталари ҳам ҳозиру нозир бўлиб қориларимиз билан тиловат қилдилар, дуоларга қўл очдилар, иншоаллоҳ.
Байрам тадбирига айланган – Қуръон мусобақаси шу тартибда бошқа вилоятларимизда ҳам давом этади. Биз сиз билан яна тўрт ой давомида Қуръони каримнинг файзу баракасидан мана шундай баҳра олиб, завқланамиз, иншоаллоҳ. Она-Ватанимиз илоҳий нурга чулғанади, одамларимизнинг қалби нурга тўлади, юзи зиёга бурканади, юртимизга барака киради.
Илоҳо, меҳрибон Раббимиз ана шу саъй-ҳаракатларимизни сабаб қилиб юртимиздаги тинчлик ва хотиржамлик неъматини бардавом қилсин. Ёшларимизга ҳар доим Қуръон мусобақаларида, илму ижод, маърифат ва маънавият беллашувларида мусобақалашишни насиб айласин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

3873 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top