Ўзбекистон янгиликлари

Эътироф:  Қуръон мусобақаси юртдошларимиз нигоҳида

Кеча диёримизда бошланган Қуръони карим мусобақаси барча юртдошларимиз томонидан кўтаринки руҳ, хурсандчилик билан қарши олинди. Жиззах вилоятининг Зомин туманида бўлиб ўтган кечаги Қуръон байрамини кузатиб борган ҳамюртларимиз қалбларининг тубидаги самимий дил изҳорларини қуйидагича ифода этдилар.

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ номли фойдаланувчи “Аллоҳ рози бўлсин Президентимиздан. Илоҳим Президентимизнинг бутун аждодларининг руҳларини шод қилсин. Авваламбор ўзларини ва барча яқинларини Аллоҳ паноҳида асрасин. Авлодларидан ҳам олиму фузалолар чиқсин. Омин”, деб ўз фикрларини баён қилган.

Умму Сайфуллоҳ исмли мухлис “Ассалому алайкум. Бу улуғ ишларни бош ташаббускори муҳтарам Президентимиз соғ-омон бўлсинлар! Доимо бундай савоб ишларда бошу қош бўлсинлар!” дея ўз фикрларини қолдирган.

Абдувалижон Ҳаким “Алҳамдулиллаҳ ҳали мусулмон умматига солиҳ ва солиҳа фарзандлар етиштириб берадиган қорияларимиз кўп экан” деган илиқ сўзларни битган.

“Аллоҳ рози бўлсин, хурсандлигимнинг чек-чегараси йўқ” дея ўз хурсандчилигини намоён этган Амина Мамадалиева номли фойдаланувчи.

Ёқибжон Низомивич “Ассалому алайкум аҳли мўмин ва мўмина қорилар. Мана биз Корея давлатидан туриб кўриб турибмиз, Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Дуодамиз ҳаммаларингга ажр савоб, илмларимизни зиёда қилсин, омин” дея фикрини якунлаган.

Нурилло Сайдуллаев номли фойдаланувчи 80 ёшдаги оналари “Юртбошимизни умрлари узоқ бўлсин, дунё тургунча турсинлар” деб дуо қилаётганликларини айтиб ўтганлар.

Улуғбек Ойбекович бошқа давлатдагилар кўрса ҳавас қилгудек Қуръон мусобақаси бўлаётганини айтиб ўтган: “Ташкил қилган Президентимизга мингдан-минг раҳмат. Аллоҳ рози бўлсин!”, дея фикрларига якун ясаган.

“Алҳамдулиллаҳ ўзбек аёл қизлари ҳам ўз ибратлари билан юртимизни обрўсини кўтарадиган кунлар ҳам келди. Аллоҳим давомли қилсин” дея фикр қолдирган Муслима Даврон номли мухлиса.

Онлай эфирларга қолдирилган 6 мингдан ортиқ изоҳларда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари мусобақанинг дастлабки босқичи ҳақида ўзларининг илиқ ва ижобий фикрларини билдириб ўтганлар. Фойдаланувчилар ташкилий масалалар бўйича ўз тавсия ва таклифларини билдириб ўтганлар.

Маълумот учун, мусобақанинг дастлабки босқичи “муслим.уз” саҳифасида 54 мингдан ортиқ мухлислар томонидан кўрилган. Умумий қамров эса 265 минг нафарни ташкил этган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

4237 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top