Ўзбекистон янгиликлари

Эртага Қуръон мусобақаси маёғи Самарқандда нур сочади

Азиз Қуръон мухлислари галдаги қорилар мусобақаси Ер юзининг сайқали бўлмиш Самарқандга кўчмоқда. Бу шаҳар халқимиз довруғини бутун дунёга таратган, азиз авлиёлар қўним топган табаррук маскандир. Аждодларимиз бир неча йиллар муқаддам имон-эътиқоднинг бақувват пойдеворини худди шу заминда мустаҳкамлашган.
Эрта, 18 январь кунидан бошлаб ушбу вилоятнинг бир неча туманларида мусобақанинг ҳудудий босқичлари бошланади. Сиз азизлар билан уч кун давомида Жиззах ва Сирдаё вилоятларида хушовоз қорилар тиловатини тинглаб, кўп роҳат олдик. Ўлкамизнинг ҳар бир ҳудудида ана шундай қориларнинг ўзига хос савти, оҳанги бор, албатта. Самарқанд қорилари ҳам ўзларининг маҳоратлари билан жуда ҳам машҳур. Айниқса, варш қироати билан ҳаммани эътиборини ўзига тортган қорилар айнан мана шу заминдадир.
Дарҳақиқат Қуръон қалбнинг шифоси, ҳидоят манбаидир. Аллоҳ таоло айтади: «Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қиламиз...» (Исро, 82). Қуръон мўминлар қалбидаги маънавий иллатлар, нифоқ, ширк, адоват ва тўғри йўлдан тойиш кабиларни бартараф этади.
Эртага Имом Бухорий ҳазратларининг ҳоки поклари қўним топган ёдгорлик мажмуасида Самарқанд вилоятидаги Қуръон мусобақасининг ҳудудий босқичига оқ фотиҳа берилади. Ҳозирдан тайёргарликлар жуда авжида, мусобақа muslim.uz сайти ва ижтимоий тармоқ саҳифаларида онлайн узатиб борилади.
Қуръонни қалбга жо айлаш, Каломуллоҳни яхши кўриш инсонни икки дунё саодатига етиштиради. Шундай экан, барча Қуръон ихлосмандларини эртага Самарқандга таклиф этамиз, Қуръоний зиёфатга марҳабо, азизлар!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

3269 марта ўқилди

Янгиликлар

Top