Ўзбекистон янгиликлари

Аждодларимиз, ота-оналаримиз қабрларини обод қилиш ҳар биримизнинг вазифамиздир

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 5 январь куни Тошкент вилояти қилган ташрифида Зангиота зиёратгоҳида бўлиб, у ерда ўтган улуғларимиз, буюк алломаларимиз ёд этилди,  уларнинг ҳаққига Қуръон тиловат қилинди.

Мазкур ташриф давомида Юртбошимиз “Аждодларимиз, ота-оналаримиз, умуман олганда ўтганларимизга ҳурмат бажо келтириш, уларнинг қабрларини обод қилиш ҳар биримизнинг вазифамиздир” деб таъкидлаб ўтдилар.

Юртимиздаги бошқа зиёратгоҳларда ҳам ушбу мажмуа каби обод қилиш, одамларнинг келиб кетиши учун зарур шароитлар яратиш борасида ўз фикрларини билдирди. Бундай хайрли ишлар каттаю-кичик, хусусан ёшларнинг тарбиясида улкан аҳамиятга эга эканлиги алоҳида таъкидланди.

Президентимиз чақириқларидан руҳланган Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти устоз ва талабалари жорий йилнинг 20-21 январь кунлари нинг ташаббуси билан “Аждодларимиз қабрларини обод қилиш ҳар биримизнинг вазифамиз” шиори остида муқаддас қадамжолар ва қабристонларда хайрия ҳашари ташкил этилди.

 Хайрия ҳашари доирасида институт Тошкент шаҳридаги Қаффол Шоший, Шайх Зайниддин, Чимир ота мақбаралари ҳамда “Тешикқопқа”, “Ғойиб ота”, “Чиғатой дарвоза”, “Шайх Зайниддин”, “Бешқўрғон”, “Чимир ота” қабристонларида ободонлаштириш ва тозалов ишлари амалга оширилди.

Аввало ҳар бир қабристонда зиёрат одобларига биноан мазкур масканларда дафн этилган буюк аждодларимиз  Қаффол Шоший, Шайх Зайниддин, Алихонтўра Соғуний, Ўзбекистон мусулмонлари идораси асосчилари ва муфтийлари Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон, Шамсиддинхон Бобохонов, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Абдурашид қори Баҳромов, устозлар Ғуломқодир домла Мирзаёқубов, Салоҳиддин домла Муҳиддинов, Абдулазиз қори, Собиржон қори, Одилжон қори, Сайиднаби домла, Раҳматхўжа домла ва бошқа мўмин-мусулмонларга бағишлаб Қуръон тиловат қилинди, сўнгра ободонлаштириш ишларига киришдилар.

Зеро, улуғ зотларнинг қабрларини зиёрат қилаётган киши уларнинг қилиб ўтган улуғ ишларини, қолдирган буюк маънавий меросларини эслаб, ибрат олади ва ўша зотлар каби яшашга интилади. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Қабрларни зиёрат қилинглар. Чунки бунда сизлар учун ибрат бордир”деганлар.

Қабристонни зиёрат қилиш инсонга дунё ташвишларини унутишга ёрдам беради. Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.):

“Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Кейин менга маълум бўлди (яъни, Аллоҳ томонидан буюрилди). Энди қабрларни зиёрат қилаверинглар. Чунки у қалбни юмшатади, кўзни ёшлатади ва охиратни эслатади” деганлар.

Қалби қаттиқ кишининг кўзига ёш келмайди. Бундай киши бошқаларга меҳр-шафқат кўрсатмайди. Демак, қабр зиёрати инсонлар ўртасида ўзаро меҳр-мурувватни кучайтирувчи воситадир.

Қабрларни зиёрат қилиш орқали зиёратчи мазкур фазилатлардан баҳраманд бўлса, маййитлар зиёратчиларнинг дуо ва истиғфорлари ҳамда тиловатлари савобидан баҳраманд бўладилар.

Демак, ота-оналар, ёр-биродарлар ҳамда улуғ зотларнинг қабрларини юқорида айтилган фазилатларга эришиш ва уларнинг руҳларини шод этиш мақсадида зиёрат қилинади.

 Халқимизда: “Бозоринг билан мозорингни обод тут” деган ажойиб бир мақол бор. Шундай экан эзгу амаллар аввало қабрларни обод қилишдан бошланади. Рамазон ва Қурбон ҳайитлари арафасида, 9 май “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан юртимизнинг барча жойларида ободончилик ишлари, айниқса қабристонларимизни янада обод қилиш борасида қизғин ишлар қилиниши мустақиллик йилларида хайрли анъанага айланди.

Ўзбек халқи бу соҳада дунёга ўрнак бўлиб келаётган миллат десак муболаға бўлмайди. Айниқса мархумларни руҳини шод қилиб, улар ётган қабрларни обод қилиш борасида қолган халқлар биздан ўрнак олса арзийди.

Аммо афсуски, халқимиз орасида ота-онаси тирик бўла туриб, уларни қадрламаётганлар, вафот этган бўлса, уларни қабрини зиёрат қилиб, ҳақларига тиловати Қуръон қилмаётганлар ҳам учраб турибди. Зеро, ҳеч ким бу ҳаётда абадий қолмайди, ҳамма ҳам бир кун вафот этиб, борадиган жойи қабристон бўлади.

 Қабрларнинг усти ва атрофида гул ва майсалар чиройли бўлиб, ўсиб туриши гўёки марҳумлар ҳаққига истиғфор ва саловат айтиб тургандек бўлар экан.

Дарҳақиқат ислом дини мана шундай хайрли ишларга чақиради.

Маънавият-маърифат ва иқтидорли

талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.Собиров

Манба: http://islaminstitut.uz

4195 марта ўқилди

Янгиликлар

Top