Ўзбекистон янгиликлари

Афғонистонлик талаба-ёшлар Термизда ўқишни бошлайди

Кеча, 21 январь куни Термиз халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказининг илк қалдирғочлари давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, талаба-ёшлар иштирокида тантанали кутиб олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди. 

Термиз туманида барпо этилган таълим марказида қўшни давлат ёшларининг ўзлари танлаган касб бўйича ўқиб, изланиши ва етук мутахассис бўлиб улғайиши учун барча замонавий шароит яратилган. Аудитория ва лабораториялар замонавий таълим стандартлари асосида жиҳозланган. Барча қулайликларга эга ётоқхона барпо этилган. 

Афғонистонлик талаба-ёшлар шу куни Термиз шаҳридаги Ҳаким ат-Термизий мажмуасини зиёрат қилди. Минтақамизда ягона Термиз археология музейида бўлди. Шаҳарнинг бошқа диққатга сазовар жойларини томоша қилди. 

- Ўтган йили коллежни тугатдим, - дейди Афғонистон Ислом Республикасининг Мозори Шариф шаҳридан келган Саидғулом Сахий. - Ўзбек тили ва адабиёти бўйича олий маълумотли мутахассис бўлиб, келгусида ўз юртимизда болаларга шу тилни ўргатишни мақсад қилиб олганман. Бу шаҳар бизда дастлабки кунданоқ катта таассурот ўйғотди. Айниқса, тарихий обидалар ва бой қадимий меросга эга музейни томоша қилиб, Ўзбекистон ҳақида кўплаб қизиқарли маълумотларга эга бўлдик. 

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида санъаткорлар томонидан намойиш этилган қизиқарли концерт дастури барчага бир олам завқ улашди.

ЎМИ Матбуот хизмати

4347 марта ўқилди

Янгиликлар

Top