Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна Каримова билан суҳбат
[Савол]: Ҳурматли Татьяна Акбаровна! Шу кунларда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллиги нишонланмоқда. У кишини Юртбошимиз сифатида яхши таниймиз. Биринчи Президентимиз кундалик ҳаётда, оила даврасида қандай бўлганлари ҳам ўқувчиларимизни қизиқтириши табиий. Биз Ислом Абдуғаниевични иродали, собитқадам, қатъиятли, жасур, юксак обрў қозонган инсон деб биламиз. Бундай фазилатлар қандай шаклланган? У кишининг болалик йиллари ҳақида Сизга нималар маълум?
 
[Татьяна Каримова]: Ҳақиқатан ҳам, Ислом Абдуғаниевичнинг бутун ҳаёт йўллари Сиз санаган хислатлар ҳақида шаҳодат беради. Нимагаки эришган бўлсалар, бари ўша хислатлари туфайлидир. Ислом Абдуғаниевичнинг болалиги уруш ва урушдан кейинги оғир дамларга тўғри келди. Кичикликдаёқ пешона тери билан нон топиш нима эканини билдилар. Урушдан кейин барча машаққатли ҳаёт кечиргани маълум. Уларнинг ҳам оилалари эҳтиёжманд эди. Самарқанднинг эски шаҳар қисмида яшаган оддий оила. Ислом Абдуғаниевич мактабга чиққан кезлари рус тилини билмас эдилар, аммо букилмас ирода, қатъият ва собитқадамлик боис мактабни олтин медалга битирдилар. У киши ёзган иншолар намуна ўлароқ бутун синфга ўқиб берилган экан. Кейинроқ синфдошлари тан олишича, Ислом Абдуғаниевичнинг иншоларидан олий ўқув юртига кириш имтиҳонида “шпаргалка” сифатида фойдаланишган. Шу тариқа оддий оилада вояга етган йигит мактабни муваффақиятли тамомлаб, тақдирига пешвоз чиқмоқ учун сафарга отланди. Ўша кезлар олтин медал ва олам-олам орзулар у кишининг бор-йўқ бисоти эди. Тақдир ҳукми билан киндик қони тўкилган она заминга мустақил Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти бўлиб мангуга қайтдилар.
 
Синфдошларидан бири Ислом Абдуғаниевичнинг шахсий маслагини ёрқин намоён этувчи, мактаб йилларига доир бир воқеани хотирлаган эди. Ёзги мева йиғим-терими пайти ёши улуғ бир киши болалардан келажакда ким бўлишлари ҳақида сўрайди. Кўпчилик учувчи, токар каби касбларни эгаллаш истагини билдиради. Ислом Абдуғаниевичнинг жавоби эса болаларни ҳам, катталарни ҳам ҳайрон қолдиради: “Мен Амир Темурга ўхшасам дейман!”
 
Мактаб йиллариданоқ Максим Горкий ҳикояси персонажи – ўз жонидан кечган, юрагини машъал каби ёқиб халқни қутқариб қолган Данко энг севимли адабий қаҳрамонлари бўлган.Унинг “Оташ каби ёниб, ўзгалар йўлини ёрит!” деган шиори ёш Ислом Абдуғаниевичнинг юракларида муҳрланиб қолган. Бу кейинроқ Президентнинг ҳаётий маслагига айланди.
 
[Савол]: Сизлар қандай танишгансизлар? Бўлажак турмуш ўртоғингиз қалбингизни қандай забт этганлар?
 
[Татьяна Каримова]: Ислом Абдуғаниевич билан 1970 йили Самарқандда, муҳандислик-технология факультетининг охирги курсида ўқиган кезларим танишганмиз. Биринчи учрашувимиз уларнинг акалари Ибод Ғаниевичнинг уйида бўлган. Ибод Ғаниевичнинг рафиқаси Хайринисо Султоновна менинг холаваччам эди. Мен талабалар ётоқхонасида истиқомат қилар, дарсдан кейин уларникига тез-тез меҳмонга бориб турар эдим. Ибод Ғаниевич оқкўнгил, ақлли ва одамшаванда инсон, боз устига, яхши суҳбатдош ҳам эдилар.
 
Янги йил эшик қоқиб турган кунларнинг бирида опамникида ўтган навбатдаги меҳмондорчиликдан сўнг эндигина кетишга тараддуд кўриб турганимда бир йигит келиб қолди. Уни менга Ибод Ғаниевичнинг укаси деб таништиришди. Бу Ислом Абдуғаниевич эдилар. Биринчи учрашувимизда деярли гаплашмадик. Ўшанда опам йўлдан келган меҳмон қўлини ювиши учун кўзадан сув қуйиб беришимни сўрадилар. Кейин оила даврасида яна бир неча бор учрашдик.
 
Кечагидек ёдимда, мартнинг еттинчи куни, айни байрам арафаси эди. Кўкламнинг хуш ифорга тўла илиқ ҳавоси. Шиғалаб ёғиб ўтган ёмғирдан кейин атроф-борлиқ тоза, мусаффо ва гўзал бўлиб кетган. Кўлмакларда осмон парчаси акс этар, кўнгиллар ёришиб, фараҳбахш ҳисларга лиммо-лим тўлган эди. Мен талабалар ётоқхонасида эдим. Иттифоқо мени биров сўраб келганини хабар қилишди. Келган инсон ким эканини тасаввур ҳам қилаолмаганим рост. Чиқиб кўрдимки, мени йўқлаб келган одам Ислом Абдуғаниевич эканлар.
 
Мени хиёбонда сайр қилишга таклиф этдилар. Биз илк бор ёлғиз ўзимиз кўришиб, гаплашиб турган эдик. Табиат, об-ҳаво, ўқиш ҳақида суҳбатлашдик. Одатий суҳбат. Лекин сайр асносида Ислом Абдуғаниевич тўхтаб, ҳеч кутилмаганда “Менга турмушга чиқасизми?” деб сўрадилар. Мен учун бу мутлақо кутилмаган ҳол эди. Қандай изоҳлашни ҳам билмайман: ақл вазиятни ҳали тўлиқ англаб, баҳолаб бўлмасдан, қалб ва юрак “ҳа” дея жавоб бериб бўлган эди. Кўнгил шубҳаю гумондан холи кезларда шундай бўлади. Мен бу инсоннинг ички кучи, самимияти, жозибаси, қатъияти ва недир бир оҳанрабосини сезган бўлсам керак… Мен “ҳа” дея жавоб бердим. Бари ана шундай кечган эди. Бор-йўғи бир неча қисқа учрашув…
 
Ислом Абдуғаниевич апрелда ота-онамдан қўлимни сўрагани Қувасойга бордилар. Тўйимиз май ойида дастлаб Самарқандда, кейинроқ Қувасойда бўлиб ўтди.
 
[Савол]: Ислом Абдуғаниевич билан кўп йиллар бирга ҳаёт кечирдингиз. Кундалик ҳаётингиз қандай кечарди, қандай қийинчиликлар бўларди?
 
[Татьяна Каримова]: Тўйдан кейин Тошкентдаги икки хонали квартирада жуда оддий ҳаёт кечира бошладик. Бу квартирани Ислом Абдуғаниевич Давлат план комитети раисининг ёрдамчиси бўлган кезларда олганлар. Тинч-тотув яшаганмиз, маошимиз унча катта бўлмагани боис таъмир ишларини ўзимиз қилганмиз. Бўёқ олиб келиб, ўзимиз хона оқлаганмиз, эшик бўяганмиз, полни локлаганмиз, балкон деразасига ойна солганмиз. Ҳеч қачон таъмир ишидан қочмаганмиз. Одатда, Ислом Абдуғаниевич уйдаги таъмир юмушларини ўзлари қилардилар. Барча ишлари бароридан келар эди. Сирасини айтганда, у киши барини ўз қўллари билан қилишни яхши кўрардилар. Керак пайтда қидириб қолмасдик,турли асбоблар солинган бутун бошли жомадоним бўларди. Парма, бўёқ чўткаси, қисқич, омбур, бурагич, болға ва бошқа бирталай асбоблар зарур пайтда асқотарди.
 
Бир гал Ислом Абдуғаниевич пол бўяётиб лок ҳидидан қаттиқ заҳарландилар. Кучли астма хуружи бошланди, лекин “тез ёрдам” чақиришга изн бермадилар. Туни билан сут ичирдим. Ўша воқеадан кейин бўёқ ҳидини хушламайдиган бўлиб қолдилар.
 
Ислом Абдуғаниевич шанба ва якшанба кунлари одатда соат 4 га қадар ишлардилар, кейин зарур бўлса биргаликда оқлаш ва бўяш юмушларини қилардик.
 
Ислом Абдуғаниевич қандай лавозимда ишламасинлар, ҳеч қачон хизмат вазифасидан фойдаланмаганлари, ваколатларини суиистеъмол қилмаганларига гувоҳман. У кишидан пастроқ даражадаги мансабдорлар ҳам бошқача яшар ва шу боис гоҳида умр йўлдошимнинг устларидан кулишар эди. Аммо бу – Ислом Абдуғаниевичнинг қатъий позицияси эди.
 
Ҳатто давлат боғ-ҳовлисида яшаганимизда ҳам аввалгидек аксар ишларни ўзлари қилишни афзал билардилар. Масалан, кечқурун ишдан кейин деворга картина осиш ёки мебель ўрнини ўзгартириш фикри туғилиб қоларди. Гарчи мен эътироз билдириб, бу ишни эртаси куни хизматчилар билан қилишларини сўрасам-да, Ислом Абдуғаниевич кутиб ўтирмай ўзлари ишга киришиб кетардилар.
 
[Савол]: Биринчи Президентимиз ҳаётига доир биз билмаган яна қандай жиҳатлар бор?
 
[Татьяна Каримова]: Фақат яқинлари кўра олган жиҳатлар хусусида ҳам сўзлаб берсам. Ислом Абдуғаниевич гул совға қилишни хуш кўрар эдилар. Оила қурганимизнинг дастлабки кезларида ҳам, кейинчалик Президент бўлганларидан сўнг ҳам бундан бир олам завқ олардилар. Боғ-ҳовлида сайр қилиб юрганимизда Ислом Абдуғаниевич ҳамиша бирор гуллаган новда ёки чечак топиб, менга туҳфа этар эдилар. Бу хотираларни қалбим тўрида сақлайман…
 
Дам олиш кунлари теннис кортидаги машғулотлардан кейин шериклар билан боғ-ҳовлида сайр қилиб юрган пайтларимиз ҳам бўларди. Гоҳида Ислом Абдуғаниевич шериклари уйга борганда ўз рафиқаларига совға қилишлари учун хушбўй шумуртдан ёки ўзлари севган райҳондан гулдаста қилиб берардилар.
 
Ҳамиша одамлар кўнглига ёруғлик улашишни истардилар.
 
Ислом Абдуғаниевич қўли очиқ инсон эдилар. Умуман, совға улашишни ёқтирардилар. Уйимизда ҳамиша кўплаб сувенирлар бўлар эди. Бизникига меҳмон келиб, кузатаётганимизда қўлларига тушган буюмни ҳадя қилиб юборардилар. Мен олиб қолишни истаган буюмни совға қилиб юборсалар, ранжиган пайтларим ҳам бўлган. Ислом Абдуғаниевич истаганларини туҳфа этиб юборишлари мумкин эди. Муҳими – совға меҳмонга ёқса бас. Бундан эса бир олам мамнуният туярдилар.
 
Талабчан, аммо адолатли инсон эдилар. Ўзларига ҳам, атрофдагиларга ҳам талабчан эдилар. У кишининг ҳаёт тарзини, таъбир жоиз бўлса, зоҳидона деб сифатлаш мумкин. Таом тановул қилишда қаноатли бўлиб, асло меъёрдан ошмас эдилар. Бутун умр спортга ошно яшадилар. Ҳамиша яхши спорт формасида бўлишга интилганлар. Ёшликларида кураш билан шуғулланганлар. Ҳаётларининг сўнгги кунларига қадар машқ залига боришни канда қилмаганлар. Қолаверса, сузиш ва теннис билан шуғулланганлар.
 
Одатда, йиллик меҳнат таътиллари бир ҳафтадан ошмасди, шунда ҳам бу йил бўйи олинадиган икки-уч кунлик қисқа танаффуслар эди.
 
Биз ўша кезлар тоққа, Тошкент яқинидаги Қайнарсой масканига чиқардик. У киши маҳаллий манзараларни яхши кўрар, юртимиз табиати гўзаллигини беназир деб ҳисоблар эдилар.
 
Шифокорларга мурожаат қилишни хуш кўрмас эдилар ва у кишини бирор тиббий кўрикка бориш учун кўндиришим осон бўлмас эди. Бутун фикру хаёллари иш билан банд бўларди.
 
Ислом Абдуғаниевич табиатни яхши кўрар, борлиқни тинглай олар, ҳис қила билар эдилар. Бу завқни ўзлари ҳис этиб қолмай, ён-атрофидагилар ҳам ундан баҳра олишини истардилар. Ҳатто бундай ҳис-туйғулардан йироқ одамлар ҳам вақт ўтиши билан, қаерда бўлмасин, боғ-ҳовлидами, тоғдами – табиатдаги ўзгаришларни кузатиш, ундан ҳайрат туйишни ўрганди. Айниқса, гуллаган дарахтни кўрганида Ислом Абдуғаниевичнинг кайфиятлари кўтариларди. У киши учун оппоқ пахта каби қийғос гуллайдиган гилос ва олчадан чиройлиси йўқ эди. Дарахтлар кўкламда илк барг чиқарганини кўрганда хурсанд бўлиб кетар, кузда арғувон тусга кирганида эса ҳайратга чўмар эдилар.
 
Бир гал бизникига иккита лайлак қишлагани келди, кейинроқ улар сони етмиш-саксонга етди. Лайлаклар нозиктаъб эмасми, Ислом Абдуғаниевич аввало ўзлари қушларга эҳтиёткор муносабатда бўлар ва бошқалардан ҳам шуни талаб қилар эдилар. Дейлик, биров лайлаклар ёнига бориб уларни қўрқитса, қаттиқ ранжир эдилар. Ахир, улар ўта сезгир ва нафис мавжудотлар-да. Кечки қоронғи осмонда оппоқ лайлакларнинг парвози ҳайратомуз манзара эди, албатта.
 
Ислом Абдуғаниевич учун оппоқ қушлар тинчлик, эзгулик, бахту саодат ва осойишталик тимсоли эди. Нафақат ўзлари, балки бутун мамлакат учун лайлаклар ўзига хос рамзга айлангани бежиз эмас. Бу кейинги йилларда бунёд этилган меъморий обидаларда ҳам акс этган. Мамлакатнинг бош майдони кираверишидаги “Эзгулик” аркасини кўриб, бунга амин бўлиш мумкин.
 
[Савол]: Биринчи Президентимиз қандай ота, қандай бобо бўлганлари ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.
 
[Татьяна Каримова]: Ислом Абдуғаниевич қорни, алалхусус, биринчи қорни жуда яхши кўрардилар. Қорда фарзандлар, кейинроқ набиралар билан сайр қилиш учун ҳамиша вақт топишга интилардилар. Ислом Абдуғаниевич болаларни сузиш, қўрқмай сувга шўнғиш, велосипед минишга ўргатдилар.
 
Кенжа қизимиз Лола кичкиналигида уни чанада учириш ва қорбобо ясаш учун кўчага олиб чиқар эдилар. Кузда дарахт баргларини тўплашарди, ўша гербарийлар ҳозиргача сақланади. Якшанба кунлари эса улар боғ-ҳовлида велосипедда учишарди.
 
Кейинроқ Ислом Абдуғаниевич боғ-ҳовли ҳудудида ўшандай туганмас завқ ила набиралар билан сайр қилдилар, уларга ҳам сузиш, велосипед миниш ва табиат гўзаллигини ҳис этишни ўргатдилар. Болалар скейтборд ва роликда учаётганини томоша қилишни яхши кўрардилар. Уларнинг абжирлигидан ҳайратга тушардилар, бу борадагина оддий кузатувчи эдилар.
 
Ислом Абдуғаниевич Президентликка киришганларидан кейин янада банд бўлдилар ва шу боис бирор ерга боришга вақт ҳам бўлмас эди. Умр йўлдошим ишга янада кўпроқ диққат-эътибор қаратган эдилар ва оила учун янада камроқ вақт қолган эди.
 
Тақдир менга бутун умр Ислом Абдуғаниевичга хизмат қилишни насиб этди. Мен турмуш ўртоғим ишлаши учун, айниқса, Президент бўлганларидан кейин имкон қадар керакли шарт-шароит яратишга интилдим. Негаки, Ислом Абдуғаниевич учун иш жуда ҳам муҳим эканини яхши билар эдим.
 
У киши кучли ирода ва характер соҳиби бўлиб, жуда кўп ишлар эдилар. Биз оила қурган кезларимизда камолга етган инсон эдилар. Мен ўшандаёқ у кишининг шахсияти кўламини англаган, мураккаб, лекин шарафли бир йўлни босиб ўтишларини ҳис этган эдим.
 
Мен ҳамиша Ислом Абдуғаниевичга ҳамнафас бўлдим. Мендан бутун умр изланиш, ўсиш, матонатли бўлиш ва тушунишга одатланиш, такомиллашиш йўлидан юрмоқ талаб этилди. Негаки, умр йўлдошим мудом ўқиб-изланиб юксак чўққилар сари талпинардилар. Муҳаббат бизни бирлаштирди, бутун ҳаёт йўлимизни ёритди…
 
 
3679 марта ўқилди

Янгиликлар

Top