Ўзбекистон янгиликлари

Буюк зотга эҳтиром
9 февраль – Алишер Навоий таваллуди куни 
 
Қуёш Шарқдан чиқиб Ғарбга ботар экан, унинг нурлари Токиодан Нью-Йорккача бўлган масофада бир марта бўлса ҳам буюк Алишер Навоий ҳайкалини ёритиб ўтиши бор ҳақиқат. Беш ярим асрдан зиёд вақт ўтибдики, Навоий сиймоси, унинг юксак ижодий мероси ҳамон уммон сингари мавжланиб туради. Башарият қалбини шамс каби эзгулик зиёси билан ёритади.
 
Миллат йўлини ёритиб турган қалби қуёш инсонларни тарих саҳнасидан, халқ хотирасидан асло ўчириб бўлмайди. Не-не мустабид замонлар ҳам улуғ Навоий даҳоси олдида ожиз қолгани рост. Аммо яқин ўтмишдан маълумки, собиқ тузум халқнинг руҳини сўндириш мақсадида унинг буюк аждодларини ёмонотлиққа чиқариш, шахси ва ижодини бузиб кўрсатиш учун атайин бир ёқлама талқин этишга уринди.
 
Бироқ истиқлолнинг дастлабки йилларидан миллий ўзлигимизни англаш мақсадида буюк аждодлар номини тиклаш, уларнинг нодир маънавий меросини асраб-авайлаш, ўрганиш ва кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Чунончи, буюк мутафаккир номи тикланиб, мустақиллигимизнинг дастлабки йили юртимизда Алишер Навоий йили, деб эълон қилинди. Бугун дунё халқларини ҳайратга солган, айниқса, шеърият мулкида юксак мавқега эга буюк шоир асарларидан баҳраманд бўлмаган эл бўлмаса керак. Шу боис, илм аҳли борки, Алишер Навоийни ўзига устоз, деб билади. Зеро, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, Алишер Навоий халқимизнинг онги ва тафаккури, бадиий маданияти тарихида бутун бир даврни ташкил этадиган буюк шахс, миллий адабиётимизнинг тенгсиз намояндаси, миллатимизнинг ғурури, шаъну шарафини дунёга тараннум қилган ўлмас сўз санъаткоридир.
 
Алишер Навоийнинг эзгулик, муҳаббат, дўстлик, адолат, тинчлик каби олижаноб фазилатлар, маънавий-ахлоқий қадриятлар тўғрисидаги қимматли фикрлари бугун ҳам ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда. Шоир номи билан аталувчи вилоятда ҳам ёшларнинг буюк аждодлар меросини пухта ўрганиши учун барча шароит яратилган.
 
Вилоят марказида қад ростлаган буюк мутафаккирнинг муаззам ҳайкали атрофи ҳамиша гавжум. Хиёбонга туташ муҳташам Ёшлар маркази шижоатли ёшларнинг зиё маскани. Бу ерда фаолият кўрсатаётган 15 дан ортиқ фан, спорт, санъат тўгаракларида кўплаб истеъдод эгалари бўш вақтини мазмунли ўтказмоқда.
 
Бугунги кунда вилоятда олий таълим муассасаси, маърифат масканлари, меҳмонхона, халқаро аэропорт, эркин иқтисодий зонага буюк Навоий номи қўшиб айтилади. 2001 йилда Навоий шаҳридаги марказий маданият ва истироҳат боғида буюк мутафаккирга муаззам ҳайкал ўрнатилиб, сайлгоҳга Алишер Навоий номи берилди. Истеъдодли ҳайкалтарош Анвар Раҳматуллаев, меъмор Баҳром Абдуллаев ҳамда ҳайкалтарош Павел Подосипников билан ҳамкорликда ишланган ҳайкал боққа маънавий руҳ бағишлаб турибди.
 
Марказий маданият ва истироҳат боғида қарийб 20 гектар майдонда 11 миллиард сўмликдан ортиқ қурилиш ишлари олиб борилиб, маскан буткул янгича қиёфа касб этди. 2 мусиқали фаввора барпо этилди. Ёзги саҳна, 22 аттракцион, кураш майдони, савдо нуқталари қурилди. Шоир ҳаёти ва ижодига бағишлаб ўрнатилган “Юлдузнинг туғилиши”, “Ўспиринлик”, “Ёшлик” ва “Донишмандлик” деб номланган рамзий ҳайкаллар туркуми кишини фалсафий мушоҳадага чорлайди. Буюк зот босиб ўтган сермазмун умр йўлини тасаввур этишга ундайди. Бу ерга келган ёшу кексанинг қалбига Фарҳоднинг жасорати, Қайснинг матонати, Баҳромнинг заковати жо бўлиши шубҳасиз. Навоийни ўрганиш ёшларни поклик, мардлик, меҳр-оқибат ва садоқатга ошно этади.
 
Алишер Навоий ҳайкали атрофига манзарали дарахтлар экилиб, кўркам кўринишга келтирилди. Бундай янгиланиш ва улкан эътибор Навоий сиймосига қаратилаётган ҳурмат рамзидир. Боғнинг шимолий ҳудуди янги кўринишга кирди. Эскирган бута ва дарахтлар ўрнига нина баргли кўп йиллик ниҳоллар экилди. 4 гектарга яқин майдонда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. 
 
Навоий шаҳридаги “Фарҳод" ва “Ширин” маданият саройлари ўзига хос маърифат масканига айланган. Ҳар икки масканда ёшлар санъат турлари билан мунтазам шуғулланиши учун барча шароит яратилган. Хусусан, “Фарҳод” маданият саройининг нодир адабиётларга бой кутубхонаси ўқувчи-ёшлар билан доимо гавжум. Саройнинг олд қисмида Фарҳоднинг тоғдан сув келтириш рамзий ҳайкали ва унга туташ майдонда кўзада сув кўтарган уч сулув тимсоли ўрин олган. Бу манзарани теран илғаган ҳар бир инсон кўз олдида Алишер Навоийнинг барҳаёт ғоялари гавдаланади.
 
Шаҳарнинг серқатнов кўчаларидан бири – Алишер Навоий кўчаси кейинги беш йилда янада кўркамлашди. Шаҳарни Кармана тумани маркази билан боғлаш мақсадида 3 километрдан ортиқ автомобиль йўли янгидан барпо этилди. Йўл атрофида замонавий ва кўркам бинолар, ресторан ва савдо марказлари бунёд этилаётир. Шу йўл бўйида ёш оилалар учун бир неча “Ёшлар уйи" барпо этилаётгани кўчага янада файз бағишламоқда.
 
Кундан-кун кўркам қиёфа касб этиб бораётган вилоятда шоир ҳаёти ва унинг бой ижодий меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, буюк мутафаккир таваллудининг 577 йиллиги муносабати билан талаба ва ўқувчилар Алишер Навоий ҳаётини акс эттирувчи саҳна кўринишлари намойиш этмоқда. Маданият саройлари ва таълим муассасаларида мушоира кечалар ўтказилаётир.
 
Нуриддин Раҳимов, ЎзА
4179 марта ўқилди

Янгиликлар

Top