Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонда ўтган йили яқин қариндошлар ўртасида 200 га яқин қотиллик содир этилди

2017 йилда оилавий келишмовчиликлар сабабли яқин қариндошлар бир-бирига нисбатан содир этган қотилликлар сони 200 га яқин бўлди. Бу ҳақда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ЎзА мухбири билан суҳбатида маълум қилди.

Ушбу жиноятларнинг 62 таси эр хотинига, 10 таси хотин эрига, 119 таси эса яқин қариндошлар томонидан бир-бирларига нисбатан содир этилган. Бундай нохушликлар асосан Самарқанд вилояти (27), Тошкент шаҳри (24), Тошкент (22) ва Фарғона (21) вилоятларида кўпроқ учради.

Ҳар қандай жиноят содир бўлиши ташвишланарли, бироқ бу жараёнда хотин-қизлар, вояга етмаганлар учраётгани янада аянчли ҳолат.

Масалан, рўйхатга олинган жиноятларнинг 9,5 мингдан ортиғи хотин-қизлар томонидан содир этилган. Фарғонада 1625, Тошкент шаҳрида 1592, Тошкент вилоятида 1402, Самарқандда 1066, Андижонда 972 ва Наманганда 751 нафар аёл жиноятга қўл урган.

Жойларда уюшмаган, тарбияси оғир, иш ва ўқишга жойлашмаган ёшлар 26579 та жиноят содир қилган. Мактаб ўқувчилари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежи ўқувчилари томонидан 1,5 мингдан зиёд жиноят содир этилган.

Вояга етмаганлар томонидан 1430 та жиноят, шундан, 778 та ўғрилик, 79 та безорилик, 77 та талончилик, 45 та баданга оғир тан жароҳати етказиш, 42 та босқинчилик ва 29 та фирибгарлик ҳолати қайд этилган.

ЎзА хабари

Бу – жамиятимизни ниҳоятда ташвишга соладиган ҳолат. Мўмин-мусулмонлар ҳар доим тинчлик ва хотиржамликда яшашни бир-бирига хайрихоҳ ва дуогўй бўлиб ҳаёт кечиришни дастуруламал билганлар. Айниқса, қариндош-уруғлар ўртасида силаи раҳмга эътибор қаратилган бўлса, эр-хотинлик масаласида уларнинг ўртасида муҳаббат бўлишига, агар муҳаббати у даражада бўлмаса, эр-хотин фарзандларининг камолини ўйлаб, элнинг олдида уларнинг боши эгилиб қолмасин, деган андешада шариатимиз кўрсатмаларига мувофиқ бир-бирининг ҳақларини адо этиб яшаб юраверган. Лекин бири иккинчисига пичоқ ўқталиш даражасига бориши шу вақтга қадар тасаввурга ҳам сиғмайдиган ҳолат эди. Зотан, Қуръони каримда: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир”, дейилган (Моида, 32-оят).

Яна бир ояти каримада Аллоҳ таоло айтади:  “Аллоҳ тақиқлаган жонни ноҳақ қатл қилмангиз! Ақл юритишингиз учун (Аллоҳнинг) ҳукм қилгани шу(лар)дир” (Анъом сураси, 151-оят).

Аллоҳ таоло ояти карималарида одам ўлдиришнинг ниҳоятда оғир гуноҳ эканини уқтириши баробарида, Пайғамбар алайҳиссалом ҳам кўплаб ҳадиси шарифларида қотилликнинг мудҳиш жиноят эканини билдириб, бу ишга қўл урган киши бениҳоя шиддатли азобга учрашини таъкидлаб айтганлар. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Аллоҳ таоло барча гуноҳларни кечириши мумкин, бироқ Аллоҳга ширк келтирган ҳолда ўлган кишини ва бир мўминни қасдан ўлдирган мўминнинг гуноҳини кечирмайди”  (Абу Довуд ва Насоий ривоят қилганлар).

Ушбу огоҳлантириш мана бу ҳадис билан янада қувватланган:  “Агар осмон ва ер аҳлларининг барчалари бир мўминнинг қонини (тўкиш)да иштирок этсалар, батаҳқиқ Аллоҳ таоло уларнинг барчаларини дўзах оловига юзлари билан улоқтиради” (Имом Термизий ривояти).

Оилавий қотилликлар Тошкент шаҳри, Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятларда кўп учраганининг сабабларидан бири, бу шаҳарларда аҳоли гавжумлиги ва турли миллат вакилларининг аралаш яшашидир. Чунки бундай ҳудудларда  кўпчилик бир-бирини танимайди ва айниқса, кўп қаватли уйларда яшовчилар ўртасидаги қўшничилик алоқалари унчалик яқин бўлмайди.

Мана, бугун самарқандлик бир эркак хотинини ўлдириб қўйгани ҳақида хабар тарқалди. Нега? Чунки  одамларнинг асаби чатоқ. Миллаий тарбиямизга ёт, ишқий саргузаштларга бой, персонажлари бағоят тажанг ва ахлоқсиз сериалларни мунтазам томоша қилиш ҳам инсоннинг асабига таъсир қилади ва у ҳам сериал қаҳрамонларига ўхшаб қотилликка, беҳаёликка мойил бўлиб қолади. Сериал мухлисларидан “Бунинг нимасини кўряпсиз?” деб сўрасангиз, “Шунчаки...”  деб жавоб беради. Аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, уларнинг аҳволи балчиққа тушиб топ-тоза чиқаман деб ўйлаган нодон кишиники кабидир.

Ака-уканинг, эр-хотинининг ёки хотин эрининг ёхуд қўшни қўшнисининг жонига қасд қилишни ўйлашининг ўзи гуноҳи кабира ҳамда ўта жоҳилликдир. Ўзи одамлар шундоқ ҳам бу дунёда битта сабаб билан яшаб юради. Ўшагина сабабдан ҳам уни мосуво қилишга уриниш Раббимизнинг истагига қарши бориш бўлади. Парвардигорга қарши борганга эса ёрдам берувчи бўлмайди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

3443 марта ўқилди

Янгиликлар

Top