Ўзбекистон янгиликлари

Хитой Тайпейи мусулмон сайёҳларни жалб қилишда Ўзбекистон билан беллашадими?

Хорижий оммавий ахборот воситаларида Хитой Тайпейи давлати хитойлик сайёҳлар оқими камайиб кетаётганини инобатга олган ҳолда мусулмон сайёҳларни қабул қилишга мослашиш бўйича ҳаракатларни амалга ошираётгани ҳақида маълумотлар тарқатилди.
Хитой ва Хитой Тайпейи ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашуви натижасида хитойлик сайёҳлар сони сезиларли даражада камайган. Бу эса Хитой Тайпейи ҳукуматидан янги географик йўналишларни ззабт этишни талаб қилмоқда. Хитой Тайпейи тезлик билан жанубий ва жануби-шарқий Осиё мамлакатлари (Малайзия, Индонезия) ҳамда араб мамлакатларининг эътиборини тортишга интилмоқда.
Бунинг учун эса Хитой Тайпейи меҳмонхоналарида мусулмонларнинг ибодат қилишлари учун хона ташкил этилиши, маҳаллий ошхоналарда ҳалол таомларни тайёрлаш ишлари бошланган.
Юқоридаги маълумотлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Хитой Тайпейи Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга ошираётган ислоҳотларни кузатиб бормоқда. Малайзия ва индонезиялик юз минглаб сайёҳларни жалб қилиш учун эса имкон қадар Ҳалол туризм талабларига мослашмоқда. Бу эса сайёҳлик соҳасида яна бир рақобатчининг пайдо бўлганини кўрсатган ҳолда, Ўзбекистондаги сайёҳлик йўналишида хизмат кўрсатувчи компания ва ташкилотлардан янада кенг кўламдаги ишларни амалга оширишни талаб этади.
Аввалроқ сайтимизда “Ҳалол туризм” соҳасида Ўзбекистоннинг рейтингини яхшилаш учун нима зарур?” сарлавҳали мақолани эълон қилган эдик. Унда Ҳалол туризм йўналишини ривожлантириш учун нима зарурлигини кўрсатиб ўтганмиз.


ЎМИ Матбуот хизмати

2851 марта ўқилди

Янгиликлар

Top