Ўзбекистон янгиликлари

200 йиллик тарихий обида тошқиндан сақлаб қолиндими?

2018 йилнинг 26 февраль куни ёққан кучли ёмғир туфайли Бухоро шаҳрининг қадимий қисмидаги тарихий бинолардан бирини сув босди. 

Бу ҳақда мазкур шаҳарда яшовчи фуқаро ўзининг Facebookдаги саҳифасида хабар қолдирган. 

У жойлаштирган суратлар ва видеони кўриб, гап Чорминор мадрасаси ҳақида кетаётганини англаш мумкин. Суратларда Чорминорнинг ҳовлиси сувга тўлгани яққол кўриниб турибди. 

Табиий ҳодиса юз берган жойга ўт учириш хизмати ходимлари етиб келган. 

Суратлардан кўриниб турибдики, тарихий обида атрофига йиғилган сув махсус техника ёрдамида тортиб олинган. Бироқ бу тошқиннинг тархий обиданинг ҳолатига таъсири бўлиши тайин. 

Маълумот учун, Чорминор мадрасаси халифа Ниёзқул томонидан 1807 йилда барпо этилган. У пешайвонли масжид, мадраса, кутубхона, ҳовуз ва ҳужралардан иборат. Мураккаб тархли тўртта минора (мезана)га эга. Кутубхонага минора орқали чиқилган. 

Афсуски, мустабид шўро тузуми даврида кўплаб тарихий ёдгорликлар қатори Чорминордан ҳам хўжалик мақсадларида фойдаланилган. Бу эса унинг қаровсиз аҳволга тушиб қолишига олиб келган. Мустақиллик йилларида Чорминорнинг кириш қисми миноралари, ҳовуз ва мадраса таъмирдан чиқарилди ва асл ҳолига келтирилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

2843 марта ўқилди

Янгиликлар

Top