Ўзбекистон янгиликлари

Энди Окcфордда ўзбекистонлик исломшунослар ҳам ўқийди

28 февраль куни Ўзбекистоннинг етакчи исломшунос олим ва тадқиқотчиларидан иборат делегация Буюк Британияга сафар қилди. Делегацияга Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси А.Шайхов ҳамроҳлик қилмоқда. 

Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази раҳбарияти билан бўлиб ўтган мулоқотда ҳамкорлик режалари, амалга ошириладиган илмий лойиҳалар муҳокама этилди. Жумладан, ўзбекистонлик исломшунос тадқиқотчилар Оксфордда таҳсил олиб, илмий-тадқиқотлар ўтказади. Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази билан ҳамкорликда Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Али Бухорий Зандавистий сингари юртимиз алломалари асарларининг таржималари инглиз ва ўзбек тилларида нашр этилади. Буюк Британия кутубхоналари ва қўлёзма фондларида сақланаётган Ўзбекистонга оид маданий мерос объектлари, ноёб қўлёзмаларнинг нусхалари олиниб, тадқиқ этилади.

“Ўзбекистондаги ислом илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик қилиш биз учун катта шараф”, дейди Фарҳан Низомий. “Биз Президент Шавкат Мирзиёевнинг маърифий исломни ўрганиш ва тарғиб этиш ҳақидаги таклифларининг аҳамиятини юқори баҳолаймиз. Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази Ўзбекистонда янги ташкил этилган марказларнинг Европа ва Америкага чиқиши учун воситачи бўлишга тайёр”.

Шунингдек, Буюк Британиянинг қадимий Бодлеан кутубхонаси, Сейнт Жонс коллежи, Фан тарихи музейи, Ашмолеан музейида учрашувлар бўлиб ўтди. Эътиборли жиҳати, Сейнт Жонс коллежида сақланаётган қадимий қўлёзма манбалар қаторида Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий”, Мирзо Улуғбекнинг “Зижи Кўрагоний” асарларининг нодир нусхалари сақланмоқда. Келажакда юртимиздан Оксфордга бориб ўқийдиган мутахассислар ушбу манбаларнинг фото нусхаларини олиш ва унинг устида тадқиқот ва таҳлиллар ўтказиш билан шуғулланадилар. Шунингдек, Оксфорддаги Фан тарихи музейи директори доктор Аккерман билан музей фондида сақланаётган нодир экспонат – Мирзо Улуғбек глобусининг нусхасини Ўзбекистонга оид хорижда сақланаётган маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази билан таклифига асосан тайёрлаш бўйича келишувга эришилди.

Манба: https://kun.uz

3038 марта ўқилди

Янгиликлар

Top