Ўзбекистон янгиликлари

Диний мазмундаги маҳсулотлар нашри ҳақида

Сўнгги пайтларда интернетда, хусусан, ижтимоий тармоқларда диний-маърифий адабиётларнинг нашр ишлари ҳақида турли фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Дин ишлари бўйича қўмита ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида қуйидагиларни маълум қилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 январь кунидаги “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 10-сонли Қарорига асосан Республикамиз ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатишга мўлжалланган Дин ишлари бўйича қўмита диний мазмундаги материалларни Давлат диншунослик экспертизасидан ўтказиш учун ваколатли орган ҳисобланади.

Мазкур қарор билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида Низом”нинг 5-бандига мувофиқ диний мазмундаги материалларни (китоб, рисола, буклет ва бошқалар) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш юридик ёки жисмоний шахслар томонидан амалга оширилади. Бунда ҳеч бир нашриёт ва босмахонага афзаллик берилмайди. Ноширлик фаолияти бўйича тегишли меъёрий ҳужжатларга эга бўлган барча ташкилотлар диний адабиётларни нашр этиши мумкин.  

Диний мазмундаги нашрларни махсус голограмма билан тамғалаш ҳам ушбу қарор билан тасдиқланган “Диний мазмундаги материалларни давлат диншунослик экспертизасидан ўтказиш тартиби тўғрисида низом”нинг 17-бандида қайд этилган.

Махсус голограмма ихтисослашган босмахоналардан Қўмита маблағи эвазига шартнома асосида харид қилинади. Шу сабабли, уларни нашриётларга белгиланган нархда тақдим этилади.

Айтиш жоизки, дастлабки йилларда юртимизда голограммани талаб даражасида ишлаб чиқариш салоҳиятига эга босмахоналарнинг камлиги, уларни чоп этиш муддатининг узоқлиги сабабли махсус голограммаларни етказишда муаммоларга дуч келинди. Аммо ҳозирда ушбу муаммо ҳал этилиб, нашриётлар ўз вақтида голограмма билан таъминланмоқда. Шунингдек, тез кунларда унинг нархини қарийб икки баробарга тушириш режалаштирилмоқда.

Қайта нашр учун алоҳида хат бериш амалиёти ҳам китобларни ўрганиш учун эмас, балки уларни ўз вақтида голограмма билан таъминлаш мақсадида жорий этилган. Ушбу амалиёт мазкур белгилар учун зарурий миқдорда буюртма бериш ҳамда бу борада тақчиллик юзага келишини олдини олиш имконини беради.

Қайд этиш жоизки, юртимизда нашр этилаётган диний адабиётлар адади Қўмита томонидан эмас, балки, нашриётлар томонидан ишлаб чиқариш ҳаражатлари ва ўз режаларидан келиб чиққан ҳолда, белгиланади. Ушбу миқдор Дин ишлари бўйича қўмитага ишлаб чиқарувчи томонидан бериладиган мурожаат хатида маълум қилинади. Қўмита юқоридаги қарорга мувофиқ нашрга тавсия этилган адабиётларни махсус голограмма билан таъминлайди.

Ўз навбатида, бугунги кунда муаллифларни қўллаб-қувватлаш мақсадида нашрларни таҳрир этиш учун тўловлар бекор қилинганини ҳамда Қўмита томонидан тавсия хатлари имкон қадар қисқа фурсатларда тайёрланаётганини ҳам алоҳида қайд этиш лозим.

Юртимиздаги нашр ишларга тўхталсак, 2016-2017 йилар давомида юртимизда ислом дини ақидаси, тарихи, Қуръон ва ҳадис илмлари, ислом ҳуқуқшунослиги, одоб-ахлоқ, ибодат ва бошқа мавзуларга бағишланган 600  номланишдан зиёд  3 миллионга яқин адабиётлар нашр этилди.

Қайд этиш жоизки, жорий йилда ҳам мазкур йўналишдаги нашр ишларини халқимиз талаб ва истаклари ҳамда нашриётлар манфаатларини эътиборга олган ҳолда давом эттириш, улар билан диний-маърифий мавзулардаги адабиётларни чоп этишда ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган.

Ўз ўрнида, Қўмита ўз фаолиятини такомиллаштириш бўйича билдириладиган барча таклиф ва мулоҳазаларни қабул қилишга тайёр эканини маълум қилади. 

 

Дин ишлари бўйича қўмита

Матбуот хизмати

5124 марта ўқилди

Янгиликлар

Top