Ўзбекистон янгиликлари

Қуръон мусобақаси шанба Бухорода, якшанба Навоийда

Азиз Қуръон мухлислари галдаги қорилар мусобақасининг вилоят босқичлари 3 март, шанба куни Бухоро ва 4 март, якшанба куни Навоий вилоятларида бўлиб ўтади. Айни пайтда икки вилоятда ҳам мусобақага тайёргарлик авжида, ташкилий ва ижодий гуруҳлар Қуръон тадбирини гўзал ўтиши учун барча имкониятларини ишга солишмоқда.
Уламоларимиз баён этишларича, Қуръон каримнинг мўмин-мусулмон банда устидаги ҳақлари қуйидагилар: 1. Қуръонга имон келтириш. 2. Қуръон ўқиш. 3. Қуръон ёдлаш. 4. Қуръон тинглаш. 5. Қуръонни тадаббур қилиш. 6. Қуръонга амал қилиш. 7. Қуръон илмларини одамларга етказиш. 8. Қуръон билан даволаниш.
Мана шу ҳақларнинг энг асосийси Қуръон ўқишдир. Қуръонни тиловат қилиш энг катта ҳақлардан. Аллоҳ таоло Расули акрам ва у зотнинг умматларини Қуръон ўқишга буюрган.
Уламолар, мўмин-мусулмон киши Қуръонни ойда бир марта хатм қилишини тавсия этишган. Қуръон тиловати ҳар бир мўминнинг кундалик вазифаси бўлиши керак. Қуръон фақат қорилар ё кексалар ўқийдиган Китоб эмас. Қуръон ўқишни Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган ҳар бир банда билиши керак.
Қуръонни қалбга жо айлаш, Каломуллоҳни яхши кўриш инсонни икки дунё саодатига етиштиради. Шундай экан, барча Қуръон ихлосмандларини эрта-индин Бухоро ва Навоийга таклиф этамиз, Қуръоний зиёфатга марҳабо, азизлар!
Бизни кузатишда давом этинг, сараланган қори ва қорияларнинг республика босқичига чиқиш учун ҳаяжонли жидду жаҳдларини тамоша қилиб, файз-баракадан насиба олинг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

3637 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top