Ўзбекистон янгиликлари

Донишманд инсон ёди

3 март куни Тошкент шаҳридаги “Осиё гранд” кошонасида дин ва давлат арбоби, етук олим, моҳир таржимон Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг руҳларини шод этиш ва ул зотнинг “Тарихи Муҳаммадий” асарлари қайта нашр этилиши муносабати билан хайрия тадбири бўлиб ўтди. Унда уламолар, имом-хатиблар, дин ва давлат арбоблари, ушбу табаррук инсоннинг шогирдлари, аҳли-оилалари ва фарзанду аржумандлари жам бўлиб, ўзгача файз бахш этишди.

 


Маълумки Алихонтўра Соғуний ҳазратлари 1885 йилда туғилган. У киши диний талимни аввал Макка шахрида, кейин Бухоро шаҳридаги «Мир Араб» мадрасасида, ундан сунг эса Мадинаи мунавварадаги дорулфунунларда таҳсил олган. Алихонтўра ҳазратлари илму ҳикматнинг бир-икки соҳасида эмас, балки қироат, тафсир, ҳадис, фиқҳ, наҳв, балоғат, мантиқ, табобат, тарих, сийрат, жўғрофия, назму наср ва бошқа фанлар бўйича ҳам етук мутахассис бўлган.
Соғуний ҳазратлари бир неча китобларини таълиф этганлар. Жумладан, “Тарихи Муҳаммадий”, “Туркистон қайғуси”, “Девони Соғуний”, “Шифоул илал” ва бошқалар. Шунингдек, у киши Аҳмад Донишнинг “Наводирул вақоиъ”, Дарвеш Али Чангийнинг “Мусиқа рисоласи”, Херман Вамберининг “Бухоро ёки Мовароуннаҳр тарихи” ва “Темур тузуклари” каби асарларни таржима қилган.
Олимнинг бугунги кунга қадар ўз қийматини сақлаб келаётган сийрат бобидаги “Тарихи Муҳаммадий” асари 1959 йилда ёзиб тугалланган. Лекин у муаллиф вафотидан кейин, яъни 1991 йилда илк бор чоп этилган. Шу кунга қадар мўмин-мусулмонларнинг талаб ва истакларидан келиб чиқиб, ушбу асар бир неча бор, минглаб ададда чоп этилди.
Ўтган йилда мазкур асар “Мовароуннаҳр” нашриётида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг кириш сўзлари ила Соғуний ҳазратларининг фарзанди Қутлуғхон Шокиров ташаббуси билан қайта нашр этилди.
Ёднома тадбирига йиғилганлар Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг маърифатпарварлиги, жасурлиги, шунингдек, уйғур, қозоқ, ўзбек, қирғиз, татар ва дўнган халқларини мустаҳкам ишонч ва диний биродарлик асосида бирлаштиргани алоҳида эсга олинди. Шунингдек, аллома Аллоҳ таолодан берилган ақл-заковатни, ғайрат-шижоату иқтидорни бутунлай ижодга бахшида этиб, авлодлар учун катта маънавий бойлик бўлиб қолган бебаҳо асарлар таълиф этгани, форс ва араб тилларидаги бир қатор нодир асарларни ўзбек тилига таржима қилганини баён этишди.
Тадбирда Қуръони карим оятларидан тиловат қилиниб, Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг руҳи покларига бахшида этилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

3530 марта ўқилди

Янгиликлар

Top