Ўзбекистон янгиликлари

Сурхондарёда зиёрат туризми ривожланади

Сурхондарё вилоятида туризмни ривожлантириш учун 374 тарихий, маданий, санъат, меъморий обидалар, ноёб археологик қазилмалар мавжуд.

Вилоятнинг табиий сўлим гўшалари, мафтункор шаршаралари, маъданли сув ва шифобахш тоғ тузлари агро-эко, тоғ ва тиббиёт туризмини кенг йўлга қўйишга қулай имконият яратади. Қадимий бу юртнинг ўзига хос урф-одат ва анъаналари, миллий ҳунармандчилик буюмлари ҳам дунё аҳлида катта қизиқиш уйғотиб келади.

Вилоятдаги бой тарихга эга қадамжолар, муқаддас зиёратгоҳлар ҳудудда зиёрат туризмини жорий этиб, нафақат маҳаллий балки, хорижлик сайёҳлар оқимини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Бироқ, ҳозиргача вилоятнинг бу борадаги салоҳиятидан самарали фойдаланишга эътиборсизлик билан ёндашиб келинаётган эди.

ЎзА хабарига кўра, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида ишлаб чиқилган зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” бу борадаги ишларни янги босқичда руёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида воҳанинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиб, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратган эди. Шунга мувофиқ вилоятда 2018-2019 йилларда Сурхондарё вилоятининг туризм салоҳиятини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури қабул қилинмоқда. Унда ҳудуднинг янгиланган, замонавий қиёфасини яратиш, транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, хориждан ташриф буюраётган сайёҳларга сифатли хизматлар кўрсатиш каби муҳим масалаларга алоҳида аҳамият берилгани зиёрат туризми имкониятларидан унумли фойдаланишга қулай муҳит яратади.

– Ўтмишда Сурхондарё муқаддас ислом динини тарғиб қилган ва уни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган Ҳаким Термизий, Исо Термизий каби кўплаб буюк олимларга бешик бўлган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти вакили Ш.Ибрагимов. – Бой тарихга эга бу юртда Сўфи Оллоёр, Алоуддин Аттор, Муҳаммад Зоҳид сингари улуғ зотлар мангу қўним топган. Мазкур дастур асосида Бойсун, Термиз, Жарқўрғон, Олтинсой, Денов, Узун, Шеробод туманларидаги муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар реконструкция қилиниб, ободонлаштирилади. Йўллар таъмирланади. Савдо-ҳунармандчилик дўконлари қурилади. Хорижлик сайёҳларнинг эмин-эркин зиёрат қилиши учун барча замонавий шароитлар яратилади.

Денов туманида Нақшбандия таълимотининг асосчиси Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг биринчи халифаси Алоуддин Аттор мангу қўним топган муқаддас зиёратгоҳ мавжуд. Олтинсой туманида “Силсилаи олия” таркибига кирувчи улуғ зотлардан яна бири – Муҳаммад Зоҳид мақбараси, туркий тасаввуф таълимотининг йирик намояндаси Сўфи Оллоёр қадамжоси ва ул зот томонидан барпо этилган масжид сақланиб қолган. Янги йўналишларда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”да азиз-авлиёларимиз муқаддас ҳоки қўйилган бу масканларни ободонлаштириб, зиёратчи сайёҳларнинг таҳорат қилиши, намоз ўқиши учун замонавий қулайликлар яратиш, “ҳалол” стандартини жорий этиш белгилаб берилган.

– Мамлакатимизда зиёрат туризмининг йўлга қўйилаётгани юртимизда яшаб ўтган буюк зотларни ёд этиб, уларнинг ҳақига дуо қилиш ва ибратли ҳаёт йўлларини чуқур ўрганишда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакили А.Сайфуддинов. – Хорижлик сайёҳларнинг ҳам ўтмишда яшаб ўтган азиз авлиёларимизнинг диний таълимоти ва ислом дини ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси билан яқиндан танишишига кенг имконият яратади. Муқаддас қадамжолар атрофи янада обод, янада кўркам бўлади.

Зиёрат туризмини ривожлантириш борасида амалга ошириладиган кенг қамровли бунёдкорлик ишлари доирасида Термиз туманидаги Кокилдор ота, Қирқ қиз, Султон Саодат ёдгорликлари, Чоргумбаз масжиди, Бойсун туманидаги Ҳазрати Эшонбобо зиёратгоҳи ва шифобахш суви, Ҳазрати Султон Валий, Жарқўрғон туманидаги Хўжа Самандар Термизий зиёратгоҳлари, Олтинсой туманидаги Хўжаипок зиёратгоҳи ва шифобахш суви, Узун туманидаги Оқ остона бобо мақбараси каби тарихий обидалар сўлим гўшага айлантирилади.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

4121 марта ўқилди

Янгиликлар

Top