Ўзбекистон янгиликлари

Президент Шавкат Мирзиёев Тожикистонга жўнаб кетди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Президент Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан 9 март куни давлат ташрифи билан Тожикистонга жўнаб кетди. 

Аввал хабар қилинганидек, олий даражадаги музокарада икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, транспорт-коммуникация, туризм, маданий-гуманитар соҳалардаги ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, фуқароларнинг ўзаро ташрифларини осонлаштириш масалалари муҳокама қилинади, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилади. 

Музокара якунлари бўйича Президентларнинг Қўшма баёноти, Ўзбекистон – Тожикистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисида шартнома, Фуқароларнинг ўзаро қатнови тўғрисидаги битим, шунингдек, турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган жами 25 дан ортиқ ҳужжат имзоланиши режалаштирилган. 

Бундан ташқари, ташриф доирасида ўтказиладиган бизнес-форум ва Ўзбекистон миллий саноат кўргазмасида тижорий шартномалар ва иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги кооперацияга оид битимлар имзоланиши кўзда тутилган. Икки мамлакат санъат усталари иштирокида концерт ташкил этилиши ҳам мўлжалланган.

Манба: http://www.uza.uz

3556 марта ўқилди

Янгиликлар

Top