Ўзбекистон янгиликлари

Ташаккурнома: Соф исломни ўрганишда сурдо таржимонлар кўмак бермоқда

ТАШАККУРНОМА 

Юртимизда адолатли ислоҳотлар олиб бораётган ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевга, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва диний идора раҳбариятига имконияти чекланган (кар, соқов) инсонлар номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман. 

Яқин кунларгача ҳам кар, соқовлар жамиятига аъзо ҳар бир инсонга эътиқод масаласида, соф ислом динини ўрганиш борасида етарли билим олишга эътибор қаратилмаган эди. Шунинг учун ҳам ўзи мусулмон бўлиб, миссионерликка кириб кетганлар сони кўпчиликни ташкил қилган эди. Отаси мусулмон ҳолида вафот этсада, масиҳийликда бўлган ўғли насронийларни қабристонига олиб бораман деб, қаршилик қилади. Қизлари черковга бораётганини билган ёлғиз она тўғри йўлга сололмай оилавий низолар келиб чиқади. Миссионерликни танлаганлар орасида оилавий низолар кўпайиб, бошқа динни ихтиёр этганлар орасида ёшларни кўпчилиги эса ачинарли ҳолдир. 

 

 

Миссионерликка кириб кетганларга Аллоҳнинг улуғлигини, Исо алайҳиссалом ҳам бир пайғамбар эканлигини, Ислом дини охирги дин эканлиги, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом охирги пайғамбар эканликлари ҳақида тушунтирсак, улар “Бизга ислом дини ҳақида тушунтирадиган жойлар йўқ, ота-оналаримиз ҳам тушунтириб бера олмайди. Черковда эса масиҳийлик ҳақида тушунтирадиган сурдо таржимонлар бор. Бизларга махсус байрамлар, сайёҳатлар ташкиллаштиришади”, деб жавоб қайтаришарди. 

Алҳамдулиллаҳ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари ислом динини атрофлича тушуниш мақсадида йўллаган мактубимизни эътиборсиз қолдирмадилар. 

 

 

Диний идора раҳбарияти томонидан тавсия этилган ходимлар билан ислом дини арконларини, пайғамбарлар тарихини тушуниб боряпмиз. Айниқса бизни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан берилган жавоблар ўз динимизни чуқурроқ тушунишимизга яқиндан ёрдам бермоқда. Илк суҳбатда имконияти чекланганлар сони 3-4 та билан бошланган бўлса, ҳозирда бизларнинг сонимиз 100га яқинлашиб қолди. 

Энг қувонарлиси миссионерликка аъзо бўлганлар нотўғри йўлдан қайтиб, уларнинг ислом динига бўлган муҳаббати ортиб бормоқда. 

Тошкент шаҳар “Исломобод” жоме масжиди бош имом-хатиби Жуманов Абдулҳамид домланинг маърузалари алоҳида эътиборга лойиқ. Кар, соқов эркакларимиз поклик, намоз масалаларида ҳам ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Ҳозирда жамиятимизга аъзо эркакларнинг 80га яқини “Исломобод” масжидига Жума намозини ўқиш учун боришмоқда. Масжидда кар, соқовлар учун сурдо таржимон ва бошқа қулайликлар яратилган. Абдулҳамид домла борганларга ҳадялар бериб, кўнгли яримларни дуосини олмоқдалар. 

 

 

Олиб борилаётган ҳайрли ишлар биз кар-соқов мусулмонларни қалбида ҳам ҳаётга ижобий ёндашиш, Ислом динини ўрганиш, намоз, рўза, закот ва ҳаж амалларини бажаришга иштиёқ ва ғайрат пайдо қилди. 

Бошқа динга кирганлар эса тавба қилишиб, исломга киришди. Оилаларда, болалар тарбиясида, қариндош-уруғчиликда, эр-хотин муносабатларида ижобий томонга ўзгаришлар бўлди. Бир-бирига ҳурмат, меҳр-шавқат ҳисси пайдо бўлди. Биз ҳам ўзимизни жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳис қиляпмиз. 

 

 

Кечагина Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти ташаббуси билан “Ҳазрати Имом” мажмуасига таклиф қилишди. Жамиятимиздан 50 яқин кар-соқовлар иштирок этишди. Ислом тарихи, Усмон мусҳафи ҳақида маълумотлар, шунингдек миллий ҳунармандчиликлар бизда катта қизиқиш уйғотди. 

Бизга кўрсатилаётган бундай ғамҳўрликлар, эътибор ва меҳрдан кўнглимиз кўтарилиб, динимизга бўлган муҳаббатимиз яна ортиб боряпти. Неча йиллардан бери биз орзу қилган ниятларимизни амалга оширган, ҳар биримизга ҳидоят ва тавфиқ берган Аллоҳ таолога ҳамду-санолар бўлсин! Ушбу эзгу  ишларимиз қиёматга қадар давомли бўлсин! Дуоларимиз ва ибодатларимизни  Ўзи даргоҳида қабул қилсин! Омин!

 

Моҳира Кубаева

Кар-соқовлар жамиятининг аъзоси

5176 марта ўқилди

Янгиликлар

Top