Ўзбекистон янгиликлари

Қозоғистонда “Ўзбекистон йили” нишонланади

Ўзбек ва қозоқ халқи бир илдиздан сув ичган халқ. Азалдан Ўзбекистон замини қозоқ халқи учун илму маърифат манбаи, маънавий таянч маскани бўлиб келган. Қозоқ заминида мангу қўним топган буюк Туркистон пири Аҳмад Яссавий ҳазратлари Бухорои шарифда, Хожа Юсуф Ҳамадоний даргоҳида таълим олган.

Буюк қозоқ маърифатпарвари Абай Қўнонбоевнинг ўзбек халқига ҳурмати ниҳоятда баланд бўлган. У миллатимизга бўлган чексиз ҳурматини “Ўзбеклар ҳақида мақола”сида қуйидагича изҳор қилган: “Ҳозирда кўрмоқдаманки, ўзбек деҳқони етиштирмаган ўсимликнинг ўзи йўқ, ўзбек савдогари қадами етмаган жой йўқ, улар ясамаган буюм йўқ. Аҳилликда яшашади, адоват қўзғашмайди. Рус савдогарлари йўқлигида қозоқларга кийим-кечак ва марҳумларига кафан келтириб беришди... Руслар замонига келиб эса янгиликларни бошқалардан олдинроқ ўзлаштиришмоқда. Таниқли бойлари, билимдон муллалари, ҳунармандчилик ва мўл-кўллик дейсизми, боадаблик дейсизми – ҳаммаси уларда бор..."

Кўҳна тарих қаърини титкилайверсангиз ўзбек ва қозоқ халқининг ҳар жиҳатдан бир-бирига кўмакчи ва ишончли йўлдош бўлиб келганига доир мисоллар жуда ҳам кўп топилади.

Бугун эса ажойиб замон. Ўзбекистон ҳам, Қозоғистон ҳам  барқарор тараққиёт йўлига тушиб олиб жадаллик билан одимлаб бораётир. бугун икки давлат орасида интеграциялашув,  савдо алоқалари, таълим, тиббиёт, фан ва маданият, қишлоқ хўжалиги, саноат, спорт, ёшлар ўртасидаги мулоқотлар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш икки мамлакат ривожи, икки миллат равнақига хизмат қилади.

Бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан амалий ташриф билан Остонага боради.

Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг кенг кўламли кун тартибига эга биринчи маслаҳат учрашувида иштирок этади. Ушбу учрашувни ўтказиш таклифини Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 2017 йил сентябрь ойида ўтган 72-сессиясида илгари сур  ган ҳамда Самарқанд шаҳрида бўлган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференцияда яхлит дастур даражасигача ривожлантирилган эди.

Ўзбекистоннинг ушбу ташаббусини минтақадаги барча мамлакатлар қўллаб-қувватлаб, Қозоғистон олий даражадаги биринчи учрашувни Остонада ўтказиш истагини билдирган эди.

Маълумингизки, 2018 йил Қозоғистонда “Ўзбекистон йили” деб эълон қилинди.  Давлатимиз раҳбари Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг расмий очилиш маросимида иштирок этади.

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашуви ҳам режалаштирилган.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Буюк маърифатпарвар шоир ва мутафаккир, эзгулик ва дўстлик куйчиси Абай Қўнонбоевнинг шарафли номи ва бой ижодий мероси нафақат қозоқ халқи, айни пайтда, бутун туркий халқлар, жумладан, ўзбек халқининг ҳам қалбида безавол яшаб келмоқда, деган сўзлар бошланган қарор беш банддан таркиб топган.

Унда Абай Қўнонбоевнинг умуминсоний қадриятлар ва меҳр-оқибат туйғулари юксак пардаларда тараннум этилган етук бадиий асарлари, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолияти билан халқларимиз маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссасини инобатга олиб ҳамда ўзаро маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш, эл-юртимизни қозоқ адабиётининг улуғ намояндалари ижоди билан кенг таништириш мақсад қилинган.

Қозоғистонда Ўзбекистон йили эълон қилиниши, Ўзбекистонда буюк қозоқ шоирининг ижодий меросини ўрганиш ва уни кенг тарғиб қилиш тўғрисида давлат раҳбарининг қарори қабул қилиниши икки халқнинг қалбини янада яқинлаштиради, хайрихоҳлигини янада оширади, қардошлик алоқаларини мустаҳкамлайди. Бундан эса барча инсонлар манфаатдор бўлади, иншоаллоҳ!

ЎМИ Матбуот хизмати

4094 марта ўқилди

Янгиликлар

Top