Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий Шайх Равиль ҒАЙНУТДИН: Ўзбекистон учун энг мақбули — ўз меросига таяниш ва бутун башариятга асл ислом қадриятлари намуналарини ёрқин намоён этишдир

Анча йиллар муқаддам собиқ иттифоқнинг турли ҳудудларидан келган ўнлаб ёшлар сафида машҳур Мир Араб мадрасасида ислом дини асосларидан сабоқ олган чоғимда қадим Бухоро иккинчи азиз маконимга айланган эди. Ўшанда биз асл ҳақиқатни англаш, ислом йўлида хизмат қилиш иштиёқида эдик. Аммо ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ҳаққоний теран билимлар йиллар ўтиб миллионлаб юртдошларимиз учун ўта муҳим аҳамиятга эга бўлиши, жамиятимизнинг маънавий-маърифий эҳтиёжи йўлида улкан моҳият касб этиши мумкинлиги мутлақо хаёлимизга келмаганди. Бухорога, беназир исломий тарбия ва етук таълим берганлари учун устозларимга миннатдорлигимни қалбимда ҳанузгача сақлаб келаман. Мураббийларим, талабалик давримдаги қадрдонларим билан маънавий қардошлик алоқаларини қўллаб-қувватлашга мудом интиламан.

Бугун Ўзбекистон ислом маърифати марказларидан бири сифатида тараққиётнинг янги босқичига чиқаётганини, замонавий толиби илмларга XXI асрда ишончли истиқбол бахш этаётганини катта ҳайрат ҳамда ҳаяжон билан кузатиб бораяпман. Бу Тошкент шаҳрида магистратура ва докторантура даражаларида таълим йўналишларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Ислом академияси таъсис этилгани, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ташкил қилингани мисолида яққол намоён бўлмоқда. Қолаверса, ҳадемай, Самарқандда ҳадисшунослик бўйича Имом Бухорий илмий маркази, калом илмини ўргатиш бўйича Имом Мотуридий маркази очилади. Айни чоғда Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф илми, Фарғонадаги Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи, Қашқадарёдаги Абу Муин Насафий марказида ақида илмидан сабоқ беришга киришилади.

Ишончим комилки, таълим, фан, маданият соҳаларидаги бунёдкорлик ишлари ҳамда моддий ресурсларга инвестиция киритиш нафақат таълим-тарбия жабҳасига ижобий таъсир ўтказади, балки ёшларнинг гуманитар, ишбилармонлик, илмий-техник ташаббусларини қўллаб-қувватлаш асосида Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида қудратли механизмга айланади.

Зотан, ёрқин келажакни таъминлаш учун навқирон авлоднинг таълим олиши ва равнақ топиши, жамиятда бунёдкорлик салоҳиятини юзага чиқарадиган, ёшларни илҳомлантирадиган, уларга умид берадиган муҳитни яратишга ҳар қанча маблағ сарфланса, арзийди.

Шубҳасиз, диний маърифат ҳамда эътиқод сингари нозик ва мураккаб йўналишда қатъий қарорлар қабул қилиш давлат раҳбаридан мардлик ҳамда масъулият, давлат маҳкамасидан жамоатчилик билан доимий мулоқот асосида пишиқ-пухта фаолият олиб боришни талаб этади. Ўз навбатида, миллат ва элатларнинг ўзига хослиги, диний эътиқоди, жамиятнинг турли қисмлари ўртасидаги ўзаро алоқалар масалалари мамлакат ялпи ички маҳсулоти ёки Давлат бюджетида акс этмайди. Шунга қарамай, мазкур соҳадаги муҳит бузғунчилик жараёнларида ҳамда жамиятнинг шиддат билан ривожланишида ҳаракатлантирувчи куч бўлиб хизмат қилиши мумкин. Воқеалар ривожи айнан иккинчи йўналиш асосида кечиши учун нафақат ҳокимият ва жамият, балки жамиятнинг барча бўғини ўртасида мулоқотни йўлга қўя билмоқ керак.

Агар Ўзбекистоннинг келажаги ҳақида охирги 50 — 100 йиллар эмас, балки Мовароуннаҳрдаги цивилизациянинг кўҳна тарихига назар ташлаб фикрлайдиган бўлсак, минг йиллардан зиёд вақт давомида бу заминнинг асосий маънавий манбаси ислом дини таълимоти бўлиб келганига шубҳа қолмайди. Шундай экан, ўзининг диний мероси, маънавий ҳамда маърифий қадриятларига таяниш келажак сари ҳаракатланишнинг энг мантиқий ва узвий йўлидир. Ислом — маънавий ҳамда интеллектуал жиҳатдан тинимсиз изланишга, қуршаб турган воқеликнинг барча кўринишида ҳақиқатни англаб етишга чақирувчи диндир.

Хусусан, пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассаллам сўзлари ва эзгу амалларини софлигича ҳамда муфассаллигича авлодларга етказиш мақсадида уларни бир тизимга солиш ва таснифлаш йўлидаги интилиш буюк муҳаддис Имом Бухорийга чексиз илҳом берган бўлса, ислом динининг ҳақиқатни англаб етиш ҳамда илмий билимлар уфқларини тинимсиз кенгайтиришга қаратилган устувор тамойиллари улуғ алломалар ал-Хоразмий ва Беруний тадқиқотларининг асосини ташкил этди.
2018 йили бутун дунёда Баҳоуддин Нақшбанд (1318 — 1389 й.лар)нинг 700 йиллигини нишонлаш жараёнида унинг диний билимларда теранлиги, юксак ахлоқ-одоби ҳамда маънавияти, касбий малакаси, ҳалол меҳнат билан жамиятга фойда келтиришдек фазилатларни мужассам этган шахси ёшлар учун ўзига хос тимсол, ибратга молик сиймо тарзида ифода этилиши зарур.

Шундай экан, Ўзбекистоннинг улуғ фарзандлари қолдирган бебаҳо меросда бугунги кун ривожи учун улкан салоҳият мавжуд. Айтишим керакки, Ўзбекистон раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг юксак минбарида янграган қуйидаги сўзларини эшитиб, чексиз ғурур ва ифтихор туйдим: “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг: “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз”, дея таъкидлаши Россия мусулмон уламолари, россиялик миллионлаб мусулмонлар юрагида жўшқин акс садо берди.

Эътиборлиси, давлат ҳамда дин ўртасидаги ўзаро муносабатлар, диний соҳани ривожлантириш масалаларида Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси позицияси бир-бирига жуда яқин. Россия раҳбари Владимир Владимирович Путин 2013 йилдаёқ муфтийлар билан учрашувда экстремизм, радикализм, терроризм муаммоси, шубҳасиз, барчамизни — ислом уламоларини ҳам, ҳокимиятни ҳам хавотирга солаётгани, унга фақат куч ишлатиш йўли билан ечим топиб бўлмаслигига тўхталиб ўтганди. Жумладан, у шундай деганди: “Бугунги кун таҳдидларига қарши муваффақиятли курашиш учун, биринчи навбатда, маҳаллий мусулмон уламолари ва Россия ислом дини мактабларининг юксак нуфузини таъминлаш лозим. (...)  Дин аҳли таълим-тарбияли ҳамда маърифатли, замонавий хавф-хатарлар ва таҳдидларга аниқ ҳамда диний жиҳатдан бекаму кўст баҳо бера олиш лаёқатига эга бўлиши лозим”. Бу Шавкат Мирзиёевнинг одамларни ишонтириш ва фикрини ўзгартириш, таълим, биринчи навбатда, ёшлар тарбияси, бошқа дунёқараш ҳамда эътиқоддагилар билан тинч-тотув, ўзаро ҳурмат асосида қўшничиликда яшаш, ўз диний эътиқоди ва салоҳиятини атрофдагилар, бутун жамият фойдаси йўлида рўёбга чиқаришга қаратилган фикрларига муштаракдир.

Кўпчиликка маълумки, Россияда ҳам, худди Ўзбекистондаги каби яқинда Ислом академияси очилди. Унинг таъсис этилиши ҳақида эса илк бор Президент В. Путин 2015 йилда Москва Собор масжиди очилиш маросимида гапириб ўтганди. Бугун у ерда Болгария ислом академияси биринчи қабул қилинган талабаларни ўқитмоқда. Ватанимиздаги мусулмон тафаккури ҳамда ғояларининг мумтоз меросини қайта тиклаш мақсадида Россия Федерацияси Мусулмонлар диний бошқармаси ва Москва ислом институти йиллик илмий-амалий конференциялар туркумига асос солди. Фаизхонов, Марджаниев, Барудиев, Бигиев, Фахретдинов, Мухлиса Буби номидаги ваъзлар, Халқаро мусулмонлар форуми, “Маънавий Ипак йўли” анжумани шулар жумласидандир. Қолаверса, илмий-диний адабиётлар фаол нашр этилаяпти, ёшлар интеллектуал ишларга жалб қилинмоқда. Қуръон мутолааси бўйича Москва халқаро танлови мамлакатнинг энг муҳташам концерт залида бўлиб ўтаяпти ҳамда нафақат Россияда, балки бутун дунёда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Шунга уйғун тарзда, ислом тараққиёти йўлларига хос қарашларимиз яқинлигидан келиб чиқиб, Россия ва Ўзбекистон мусулмонларининг ўзаро ҳамкорлигини жадаллаштиришда, келажагимизга сифатли ҳамда ижобий ўзгаришлар олиб киришга қодир маърифатпарвар ёшларнинг янги авлодини вояга етказиш борасида ўзаро тажриба алмашишда ўзига хос белги ва асосни кўраяпман.

Айни пайтда араб дунёсидаги вазият барқарорлашувидан йироқдалиги, инқилоблар кетма-кетлигининг салбий асоратлари ҳамда унинг ортидан рўй бераётган фуқаролар ўртасидаги қарама-қаршиликлар ҳозирча бартараф этилмаётган экан, Ўзбекистон учун энг мақбули — ўз меросига таяниш ва бутун башариятга асл ислом қадриятлари намуналарини ёрқин намоён этишдир. Бундай улуғ йўлда мен Ўзбекистонга муваффақиятлар тилаб, Аллоҳ мададкор бўлишини сўраб қоламан.


Муфтий Шайх Равиль ҒАЙНУТДИН,
Россия Федерацияси Мусулмонлар диний бошқармаси,
Россия Муфтийлар кенгаши раиси:

ЎМИ Матбуот хизмати

2819 марта ўқилди

Янгиликлар

Top