Ўзбекистон янгиликлари

Булунғурдаги “Ғиштли ота” масжиди зиёратгоҳ қаторига киритилади

Булунғур туманидаги тарихий аҳамиятга эга тепаликлар сақланиб қолиниб туристлар ташриф буюрадиган жойларга айлантирилади. Яқинда Археология инситути вакиллари ҳамда кўчмас мулк ва ер тузиш кадастри туман бўлими ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан мавжуд тепаликлар кўздан кечирилди.
- Бундай тепаликларни қайта ўрганишдан мақсад уларни сақлаб қолиш ва келажак авлодга етказишдан иборат, - дейди Самарқанд Археология институти катта илмий ходими Б. Сайфуллаев “Булунғур ҳаёти” газетасига берган интервьюсида. - Мисол учун, “Шероз қалъа”ни олайлик. Бу эски тепалик аслида маҳобатли қалъа бўлган. Бир неча йил илгари бу ерда олиб борган изланишларимиз чоғида кўплаб қадимий буюмлар топилган эди. Бугун ҳам бир нечта намуналар топиб олдик. Келгусида бу каби жойларда музей ва унга келувчи йўлаклар барпо қилинади.
Митан қишлоғидаги халқ тилида “Пишактепа” ва “Жалпоқтепа” деб аталувчи ҳамда “Нурли йўл” маҳалласидаги номсиз тепа ҳам ўрганилганда ўз даврига оид сопол буюм бўлаклари топилди. Шунингдек, “Бўдана” маҳалласидаги “Ғиштли ота” масжиди, “Мингтепа” маҳалласидаги “Минтгтепа” ва “Мингтепа 2”, “Мингтепа қабристони”, яъни халқ тилида “Мозортепа” деб аталувчи тепаликлар ўрганилди. “Боғбон” маҳалласидаги “Кампиртепа”, “Кампиртепа 2” ва “Ботботтепа” тепаликлари ҳам қадим тарихга эга эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилинди.
“Зарафшон” нашри билдиришича, келажакда ушбу жойлар зиёратгоҳ ва тарихий обидалар қаторига киритилиши, улар давлат муҳофазасига олиниши кўзда тутилган бўлиб, уларнинг харитаси ҳам ишлаб чиқилмоқда.
Бундай тепаликларни бир-неча йил илгари қишлоқларимизда кўплаб учратиш мумкин эди, деб ёзади, мақола муаллифи Воҳид Ўрозалиев. Уларнинг айримлари одамларнинг эътиборсизлиги, тупроқ ва атрофидаги ерлардан тартибсиз фойдаланиши натижасида йўқолиб кетган. Энди мавжудларини сақлаб қолиш, давлат муҳофазасига олиш борасида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.
- Тепаликларнинг атрофида шу ерда яшовчи аҳоли томонидан эгалланган ер бўлса, қурилган девор ёки асос олиб ташланади, - дейди А.Юсупов. – Экилган дарахтлар тартибга келтирилади. Ички туризмни йўлга қўйиш учун, майдоннинг ўлчами ва унга олиб борувчи йўлакнинг харитаси тузиб чиқилади.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

3254 марта ўқилди

Янгиликлар

Top