Ўзбекистон янгиликлари

Амир Темур қурдирган сардобалар сайёҳларни ҳайратга солишда давом этмоқда

Ривоятларга кўра, Амир Темур аскарларига доимо икки ёки уч донадан ғишт олиб юришни буюрган. Булоқ бўйларида дам олганда ўша ғиштлардан сардоба қурдириб, дам олиш учун маскан ҳозирлар экан.

Тарихий манбаларда қайд этилишича, Соҳибқирон Амир Темур фармони билан қурилган сардобалар - Сирдарё, Тошкент, Қашқадарё, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида аниқланган.

Сардоба – форсча сўз бўлиб, совуқ сув маъносини англатади. Ўтмишда иссиқ ўлкамизда одамлар ичишга яроқли сув манбаини ҳамиша ҳам тополмаган. Шу боис усти гумбаз билан ёпилган, тарҳи доира шаклидаги чуқур ҳовуз ёки сувдонлар барпо этилган.


Моварауннаҳрда 44 та сардоба бўлган. Манбаларда, сардобани қуриш жуда мураккаб ва узоқ вақтни талаб қилган бўлиб, унинг усти гумбаз шаклида, ҳовузининг диаметри 14-15 метр, чуқурлиги 10-15 метрни ташкил этган. Деворлари ва гумбази пишиқ ғишт ва ганч, пойдевори эса тарашланган тошлардан терилган. Сардобани қуриш учун ёғоч деярли ишлатилмаган.

Мисол учун, Қарши шаҳрида Амир Темур қурдирган дея тахмин қилинадиган йирик сардоба бор. Баъзи манбаларда у Абдуллахон II томонидан бунёд этилган деб ҳам айтилади. Мазкур иншоотни ўрганган археологлар Регистон майдони ёнидаги сардоба пишиқ ғиштлардан қурилгани ва тўртта кириш жойи бўлганини айтишмоқда. Цилиндр кўринишидаги ички сув ҳавзасининг диаметри анча катта 14 метр бўлиб, сардоба тубига 40 зина билан тушилган. Сардоба гумбази ер юзидан 7 метргача кўтарилиб турган Сардобанинг қурилиш услуби, сувни тоза сақлаш ва сувини ишлатишнинг ўзига хос экологик жиҳатлари бўлган. Сардоба қурилиши учун сув, тупроқ ва қум алоҳида тоза жойдан, ганч Қоровулбозор, Нуротадан олиб келинган. Қумга янтоқ, қамиш, юлғун кули қўшилган. Иншоот учун ишлатиладиган ғишт ҳам иссиқ ва совуққа ғоят чидамли бўлиши лозим бўлган. Лой яхши пишитилган ва унга туя жуни қўшилган. Хом ғишт 1-2 йил қуёш жазирамасида тобланган, уларни пишитиб, ғиштлар чертиб, саралаб олинган. Буни оби ғишт дейишган. Хумдонга тут, ўрикнинг қуритилган новдалари ёқилган. Ғиштларни бир-бирига ёпиштирадиган қоришма лой, сувдан ташқари қўй сути, туя жуни ҳам қўшилган.

ЎзА хабарига кўра, натижада иншоот янада мустаҳкам бўлиб сув чиқиб кетмаган ва ундаги сув ҳаттоки 2-2,5 йилгача ўзининг табиий хусусиятини сақлаган. Сув қишда иссиқ, ёзда совуқ ҳолда турган. Сардобанинг ости доира шаклида бўлиб, сув сизиб кетмаслиги учун 3 қават қорамол, туя териси, 3 қават кигиз устига бир қават ганч, энг юқорисига сифатли ғишт ётқизилган.

Ўтмишдаги босқинчилик урушлари, талатўпларда бошқа обидалар қатори Қаршидаги сардоба, айниқса, унинг ноёб гумбазига қаттиқ шикаст етказилган. Бизгача сардобанинг фақат ер остидаги қисмигина сақланиб қолган эди. Мустақиллик йилларида мазкур сардоба тўлиқ қайта таъмирланиб, асл ҳолида қайта тикланди ва сайёҳларни ҳайратга солишда давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

3422 марта ўқилди

Янгиликлар

Top