Ўзбекистон янгиликлари

«Қалбга инган нур»

Жаҳонда саноқли инсонлар муяссар бўладиган саодат: Ҳажга Саудия Арабистонининг меҳмони сифатида бориш. Бу ҳеч муболағасиз фавқулодда ҳолатдир.
Таниқли ижодкор Лазиз Тангриев ана шу шарафга муяссар бўлганлардан биридир. У бир умр унутилмас зиёрати жараёнида кўнглидан кечирган ҳис-туйғулари ва ўй-фикрларини яқинда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп этилган «Қалбга инган нур» китобидаги хотираларида ҳаяжон билан ҳикоя қилади.
Муаллиф дастлаб Умра зиёратида Саудия Арабистонининг пойтахти Риёз шаҳрида бўлиш шарафига муяссар бўлган. Маълум бўлишича, ушбу шаҳарга, одатда, фақат махсус таклифнома ёки бирор бир расмий ҳукумат тадбирида қатнашиш шарти билангина кириш мумкин экан. Ҳатто Умра ёки Ҳаж амалларини бажарадиганлар ҳам тўғридан-тўғри Мадинага йўл олишар, уларнинг Риёзга киришига рухсат берилмас экан.
Хотираларда Каъбаи муаззамни тавоф этиш, пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам равзаларини зиёрат қилиш, 900 километр йўл босиб, мусулмон бўлмаганлар айланиб ўтиши шарт бўлган Мадинаи мунавварага ҳам бориб, Масжиди Набавийда намоз ўқиш, Кубо масжиди, Бақиъ қабристони, Уҳуд жанги бўлган тепаликни, кейин эса яна 500 чақиримдан кўпроқ йўл босиб, Маккада Каъбани етти бор айланиш таъсирчан ҳикоя қилинади. Муаллиф ушбу таассуротларини машҳур шоирларимиз — Абдулла Ориповнинг «Пайғамбар», «Каъбатуллоҳ», Муҳаммад Юсуфнинг «Бобур нидоси» шеърларига муқояса қилган.
Ижодкорнинг Умра амалларини адо этиши Риёзда ўтказилган ўнинчи халқаро китоб кўргазмасида Ўзбекистон ноширларининг делегацияси таркибида иштирок этиши билан бир йўла бўлган. Ушбу халқаро тадбирда 33 мамлакатдан 7000 дан ортиқ нашриёт-матбаа ташкилотларининг иштирок этгани унинг юксак нуфузини яққол исботлайди. Лазиз Тангриев Саудия Арабистонидан ташқари, Миср ва Бирлашган Араб Амирликларида ҳам ҳар йили мунтазам ўтказиладиган ислом дунёсининг китоб кўргазмаларида ўзбек адибларининг асарларини араб тилига таржима қилиб, иштирок этишнинг муҳимлигига урғу беради.
Хотираларда Риёз халқаро китоб кўргазмасида болалар адабиёти, шу жумладан, ўқув дарслиги бўлимининг ташкил этилиши алоҳида эътибор ва таҳсинга сазоворлиги таъкидланади. Бу ерда кўргазмага тарбиячи ва муаллимлар етакчилигида болаларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб келишлари ташкиллаштирилган экан. Яна бир эътиборли томони — кўргазмада болаларга нафақат китоб байрамини томоша қилиш, шу билан бирга, ҳомийлар томонидан ажратилган купонлар орқали китоб, дафтар, қалам ва бошқа маҳсулотларни бепул олиш имкониятининг яратилишидир. Муаллиф ана шу тажрибани мамлакатимизда ўтказиладиган китоб кўргазмаларида ҳам қўллашнинг фойдадан холи эмаслигини уқтиради.
Лазиз Тангриевнинг хотираларида кўпчилик китобхонлар учун маълум бўлмаган қизиқарли маълумотлар келтирилган. Умра амалларини бажаришда зиёратчиларга хизмат қиладиган Абдуқодир отанинг ҳикоя қилишича, ўтмишда Ҳажга келган бой-бадавлат юртдошларимиз Маккада «Андижон», «Марғилон», «Фарғона», «Самарқанд» каби такялар — мўъжаз меҳмонхоналар барпо этишган экан. Уларни юритиб туриш учун қолдирган хизматкорларига ўз она юртларидан келган зиёратчиларга ушбу такяларда хоҳлаганча бепул меҳмон бўлишни буюрган эканлар.
Муаллиф хотираларининг мазмун-моҳиятини ўзи муяссар бўлган Ҳаж сафари таассуротларини «Кўнглимдан қоғозга тўкилган ушбу битиклар ўша бахтли, файзли, фараҳли кунлар, лаҳзалар» сифатида ифода этади. Хотираларда зиёратчиларнинг Байтуллоҳнинг тавоф қилиниши, Сафо ва Марва тепаликлари орасида етти марта саъй ибодатини амалга ошириш, Зам-зам сувидан тўйиб ичишга муяссар бўлиш, Мино водийсига чиқиш билан боғлиқ ҳис-туйғуларни ҳаяжонланмасдан ўқиб бўлмайди.
Китобхонлар учун «Қалбга инган нур» хотиралари билан танишиш фойдали деган фикрдамиз. Муаллифнинг ўз-ўзига ибратли насиҳатлари, хусусан, «Дин ва илм», «Никоҳ, илоҳий аҳд, оила муқаддас», «Қиёмат ва туғилган кун», «Тавба-тазарру саодати», шунингдек, сочма фикрлари, публицистик мақолалари ҳам ўқувчиларда қизиқиш уйғотиши, шубҳасиз.


Акмал САИДОВ, академик
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

3126 марта ўқилди

Янгиликлар

Top