Маълумки, Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари ўзаро борди-келди бўйича тегишли ҳужжатларни қабул қилгандан сўнг, икки мамлакат фуқаролари учун виза расмийлаштирмасдан қўшни мамлакат ҳудудида 30 кунгача бўлиш имконияти яратилди. “Халқ сўзи” нашри билдиришича, буни ҳар икки миллат вакиллари катта қувонч билан кутиб олди. Бундай қулайликдан фойдаланган тожикистонлик қардошларимиз Наврўз нафаси кезиб юрган шу кунларда нафақат Сурхондарё, Самарқанд, Бухорога, балки пойтахтимизга ҳам ташриф буюриб, саёҳат қилишаяпти. Диққатга сазовор жойларни томоша қилиб, маданий хордиқ чиқаришмоқда.
Ана шундай меҳмонлардан бири Тожик миллий университети талабаси Саид Носирхон Маъруфзода Тошкент шаҳрида ўзи дуч келган бир ибратли ҳодиса ва ундан олган катта таассуроти ҳақида “Facebook”даги гуруҳида шундай самимий дил сўзларини билдириб ўтди:
“Ассалому алайкум! Дўстлар Тошкентда биз билан рўй берган бир воқеани сизларга ҳам айтиб бермоқчиман.
Биз “Megaplanet” савдо марказига етиб олиш учун машина тўхтатдик ва ўзимиз билмаган ҳолда унда янги қимматбаҳо смартфонимизни унутиб қолдирибмиз (гап шундаки, ҳали Ўзбекистон сим-картасини сотиб олишга улгурмаган эдик, бизнинг Тожикистон сим-картаси эса бу ерда ишламас экан) ва ўйладик: “Ҳа, майли, нима бўлса, бўлди, шаҳар катта ўша машинани барибир топа олмаймиз”. Тасаввур қилаяпсизми, орадан ўн дақиқа ўтар-ўтмас ўша машина ҳайдовчиси савдо марказига келиб бизни топди ҳамда бизнинг СМАРТФОНни қайтариб берди.
Ундан “Қандай қилиб топдингиз, ахир у орқа ўриндиқда тушиб қолган эди-ку?” деб сўрадик. Шунда у биздан кейин чиққан маҳаллий ўзбек мижоз телефонни кўриб қолиб, унга топширганини айтди. Ахир топган ҳам ва уни олган ҳам смартфонни ўзида қолдириб билдирмасдан кетиши мумкин эди-ку (Уларнинг ҳар иккиси ҳам Қаҳрамонлар, ҳа қаҳрамонлар! Чунки бизнинг замонимизда бундай инсонлар жуда кам) ва ўз вақти ҳамда бензинини аямай бизни топдию қайтариб берди. Биз уни пул билан мукофотламоқчи бўлдик, биласизларми, у нима деб жавоб қайтарди: “Биз қардош халқлармиз, сизлар эса бизнинг меҳмонимизсиз ва менинг ўрнимда бошқа бўлганида ҳам худди шундай қилган бўларди”(шундай камтар жавоб берди) ҳамда мукофотни қатъий рад этди.
Якунда шуни айтишни истардимки, бизни Ўзбекистон қардош халқи жуда илиқ ва хурсандчилик билан кутиб олаяпти. Бунинг учун катта раҳмат!
Расмда ўртамизда бизнинг қаҳрамон
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати