Ўзбекистон янгиликлари

Идорада авф этилганлар иштирокида тадбир ўтказилди

Бугун, 30 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Марказий Кенгаши билан ҳамкорликда “Мўътадил ислом – икки дунё саодати гарови” мавзусида учрашув бўлиб ўтди. Унда диний идора раҳбар ходимлари, Ёшлар иттифоқининг Ижтимоий-ҳуқуқий масалалар ва ҳуқуқбузарлик профилактикаси бўлими вакиллари, тарбияси оғир ўқувчилар, носоғлом оилаларда вояга етаётган болалар ҳамда Ёшлар иттифоқи кафиллигида суд залидан озод қилинган ёшлар иштирок этди.

 

 

Тадбирни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур очиб, одоб-ахлоқ инсоннинг энг гўзал хулқларидан бири экани, ахлоқ Аллоҳ таоло томонидан берилган энг азиз неъматлиги, кишининг ахлоқи унинг зийнати бўлиши, ахлоқи чиройли инсонлар ҳар доим ҳар жойда ўз ўрнига ва ўз мавқеига эга бўлиши ҳақида панду насиҳатлар қилдилар.
Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар билан ишлаш бўлими масъул ходими Исҳоқжон домла Бегматов сўзга чиқиб, ёшлар ислом маърифатидан хабардор бўлишга интилиб яшаши, одоб-ахлоқли бўлишга, жамият ва она-Ватанга фойда келтиришга ҳаракат қилиши лозимлигини тушунтирди. Жумладан, “Яхши амалларнинг энг яхшиси чиройли хулқ” каби мазмундаги ҳадисларни шарҳлаб берди.

Учрашувда Ислом дини мўътадил дин экани, у инсонларни бунёдкорликка чорлаши, жамиятни бирлаштиришга даъват этиши, инсонларни меҳр-мурувват кўрсатишга чақириши ҳақида тушунтирилди. Шунингдек, Ислом дини мўътадилликни қўллаб-қувватлаши ҳақида сўз юритилиб, бу тўғрисида йиғилганларга атрофлича маълумотлар берилди. Жумладан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Бойликда ҳам, фақирликда ҳам, ибодатда ҳам мўътадиллик қандай ҳам яхши”, деган ҳадисларининг мазмун-моҳияти изоҳлаб берилди (Имом Баззор ривояти).

Тадбир якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга Диний идора уламолари ва Ёшлар иттифоқи вакиллари томонидан жавоб берилди. Шунингдек, ёшларнинг Ислом асослари, одоб-ахлоққа оид маълумотлар олиш, мавзуга доир китоблар билан таъминлаш масаласида, уларга диний идора, ёшлар иттифоқининг эшиклари доимо очиқ экани, ҳар қандай савол ёки масала юзасидан Диний идоранинг muslim.uz сайти, Ёшлар иттифоқининг yi.uz портали орқали ҳам мурожаат этишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.
Ушбу тадбир Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ўртасида тузилган ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги Меморандум доирасида ўтказилди.

Тадбир якунида иштирокчи ёшларга “Динимизда инсон манфаатлари”, “Халқ дарди билан яшайлик”, “Элсеварлик гўзал фазилат” номли китоблар тарқатилди. Шундан сўнг иштирокчилар “Ҳазрати Имом” мажмуасидаги тарихий обидалар, осори атиқалар ва маънавий меросларимизни зиёрат қилиб, руҳий қувват олишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

3489 марта ўқилди

Янгиликлар

Top