Ўзбекистон янгиликлари

Имом-домлалар иштирокида илк видео-анжуман

Аввал имом-домлалар учун видео-конференция шаклида семинар бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик. Тадбирда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан Ислом дини таълимотини кенг ёйишда улкан ишлар қилинаётгани, ўтган вақт давомида берилган қулай шарт-шароитлар ҳаммани беҳад қувонтирганини алоҳида таъкидладилар.
Давлатимиз Раҳбарининг шу йил 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи якунларида, Самарқанд вилояти имом-хатибларининг билим савиясини янада ошириш мақсадида, ўқув курслари ташкил этиш, Самарқанд вилоятидаги имом-хатиблар учун ўқув семинар ўтказиш вазифаси топширилгани, бугунги видео-анжуман ҳам мазкур ишларнинг узвий давоми эканини муфтий ҳазратлари баён қилдилар.
Бугун маънавий-маърифий тарғибот ишларининг таъсирчанлигини ошириш, ҳаётимизда содир бўлаётган дин соҳасидаги ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш, “жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш”да ҳар бир диний ходимга муносиб вазифаларни топширдилар.
Ислом академияси ректори Неъматулло Иброҳимов Юртбошимизнинг “Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш бўйича амалий ишлар бажарилгани, Ислом академияси ҳузурида икки йиллик магистратура, уч йиллик таянч докторантура ва уч йиллик докторантура фаолияти ҳамда “Қуръоншунослик”, “Фиқҳ илми”, “Ҳадисшунослик” ва “Калом илми” мутахассисликлари бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, 85 та номзоддан 16 таси докторантурага қабул қилинганини билдирдилар.
Йиғилишда Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Минаваров нутқ қилиб, диний таълим соҳасини ривожлантириш, Ислом дини маърифатини ёйиш борасида жуда катта ишлар қилинаётгани, шунингдек, нодир асарлар ва тарихий қимматга эга бўлган меросни ўрганиш борасида Ўзбекистон ва Туркия мамлакатлари ўртасида ҳамкорлик алоқалари тараққий этаётганини таъкидлади.
Ислом академияси профессори Умарали Норматов ўзбек адабиётида, хусусан, “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён” ва “Обид кетмон” каби асарларда мусулмончилик ва диний қадриятлар қандай ифода этилганига урғу қаратди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик Ислом маърифатини тарқатиш ва жаҳолатга қарши кураш борасида бадиий адабиёт, улуғлар ҳикмати, сўфийлар ўгитидан кенг фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. Диний атама, тушунча ва ибораларни тўғри ва бир хил қўллаш борасида тизимли ишларни ташкил этиш таклифини билдирди.
Ислом академияси кафедраси мудири Хуршид Дўстмуҳаммад Диний идора тасарруфида нашр этилаётган нашрлар, хусусан, “Ислом нури” газетаси, “Ҳидоят” журналида диний-маърифий мавзуларни ёритишга жуда ҳам катта ҳисса қўшаётганини алоҳида қайд этди. Ислом академиясининг янги ташкил этилаётган “Ислом тафаккури” журнали ўзига хос йўналиш ҳосил қилишини билдирди.
Ҳудудлардаги студиялардан сўзга чиққан Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов диний идора тарихида илк маротаба ўтказилаётган видео-конференция жуда ҳам фойдали бўлгани, 3000 мингдан зиёд диний ходимлар битта мажлисда жам бўлиб, иштирок этаётганлари ажойиб муҳит ҳосил қилганини таъкидлади. Шунингдек, вилоятдаги имом-хатиблар ҳафта кунларини маълум бир вазифаларга ажратган ҳолда фаолият олиб бораётгани, Калом ва Ҳадис мактаблари фаолияти, тингловчилар “Фиқҳул Акбар” китоби матни ва шарҳини ўқиб тугатишганини айтди.
Аҳолининг эҳтиёжманд қатламига жорий йилда 30 миллион сўмга яқин моддий ёрдамлар кўрсатилгани, Нарпай тумани имом-хатиблари ташаббуси билан ногиронлиги бор бўлган фуқарога тақдим этилган намунавий уйнинг дастлабки тўловини тўлаб берилгани, Самарқанд тумани “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом хатиби ташаббуси билан ҳомийларни жалб қилган ҳолда Самарқанд туманида яшовчи, уч нафар фарзанди билан бева қолган аёлга намунавий уй-жой олиб берилганини маълум қилди.

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулло Турматов барча имом-хатиблар иштирокида ўтказилаётган мана шундай машварат ва унда кўрилаётган долзарб мавзуларни имом-домлалар диққат билан ўзларига қайд қилиб олаётганларини таъкидлади. Шунингдек, барча имом-хатибларни дин хизмати йўлида астойдил хизмат қилишга, бундай илоҳий вазифани сидқидилдан адо этишга даъват этди.
Андижон вилояти бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров ушбу республика имом-хатибларининг видео-мулоқот шаклидаги илмий-ўқув семинари тарихий воқеа бўлганини таъкидлаб, 2017 йил 15 июнь куни муҳтарам Президентимиз уламолар ва имом-хатибларни пойтахтимизда жамул-жам қилиб, қалбларининг тўридаги самимий гапларини айтиб, дин пешволари олдида турган энг муҳим вазифаларни баён қилганларини айтиб, ўз навбатида уламолар ва имом-хатиблар давлатимиз Раҳбарига берган ваъдаларининг уддасидан чиқишга чақирди.
Йиғилиш якунида, берилган топшириқларни адо этишда имом-домлаларнинг иш тажрибаси, билими ва салоҳияти етишига ишонч билдирилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

3436 марта ўқилди

Янгиликлар

Top