Ўзбекистон янгиликлари

Андижон зиёратгоҳларининг донғи дунёга кетган

Мамлакатимиз ҳар бир ҳудуди нафақат табиий иқлими, балки бой тарихий мероси, ўзига хос удумлари, турмуш тарзи, ҳатто турфа анъаналари билан бир-бирини асло такрорламайди. Шу боис ҳам бу юртни кўрмоқ, унинг ҳавосидан нафас олмоқ истагида дунёнинг турли бурчакларидан ташриф буюраётган сайёҳлар сони йил сайин кўпаймоқда. Хусусан, туризм соҳасидаги юксак салоҳият, замонавий инфратузилмага эга Андижон вилоятидан маҳаллий ва хорижий меҳмонларнинг қадами узилмайди.
“Халқ сўзи” нашри билдиришича, Фарғона водийсининг шарқий қисмида жойлашган мазкур вилоят таркибида 14 туман ва 11 шаҳар бўлиб, умумий майдони 4,2 минг км. квадратдан иборат. Ҳавоси мўътадил. Ёзда иссиқ, қишда совуқ. Айни шу жиҳат йил давомида сайёҳлик хизматларини таклиф этиш, соҳанинг янги-янги йўналишларини ўзлаштириш имконини беради.
Ҳудудда 370 дан зиёд маданий мерос объектлари мавжуд. Уларнинг ҳар бири бамисоли ўтмишнинг ўқилмаган саҳифаси. “Жомъе” ва “Аҳмадбек ҳожи меҳмонхонаси” мажмуалари, “Қутайиба ибн Муслим”, “Ширмонбулоқ”, “Имом ота” зиёратгоҳлари Андижон тарихидан сўзловчи масканлар сифатида кўпчиликнинг эътиборини тортаётган бўлса, “Мингтепа” ёдгорлиги, “Хонтоқ” ва “Фозилмон ота” дам олиш масканлари донғи дунёга кетган. Бу ерга ҳатто Франция, Япония, Хитой каби кўплаб хорижий давлатлардан мутахассислар ташриф буюриб, изланишлар олиб боришмоқда.
Андижоннинг Эски шаҳар қисмидаги ҳунармандлар растаси эса кечаю кундуз меҳмонлар билан гавжум. Сабаби, ҳунармандлар шу ерда истиқомат қилиб, отамерос касб-корларини юритадилар. Бу эса сайёҳларга миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари яратилиш жараёнига яқиндан гувоҳ бўлиш, айни чоғда унинг иштирокчисига айланиш имконини беради.
Сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида вилоятда замонавий меҳмонхоналар бунёд этилмоқда. Биргина Андижон шаҳрида “Боғишамол”, “Андижон”, “Андижон элита”, “Карвонсарой”, “Афросиёб”, “Ҳамкор” каби 20 та меҳмонхона фаолият кўрсатаяпти.
— Давлатимиз раҳбарининг соҳага оид Фармон ва қарорларида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, вилоятда туризм ва туристик хизматлар экспорти ҳажмини оширишнинг манзилли чора-тадбирлар лойиҳаси ишлаб чиқилди, — дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Андижон вилояти бўйича ваколатли вакили Адҳамжон Усмонов. — Унга мувофиқ, сайёҳлик объектларини реконструкция қилиш ва ободонлаштириш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, туризм ва сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ишлар кўлами кун сайин ортмоқда.
Қолаверса, сайёҳларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида автомобилларни ижарага бериш, дунё бўйича авиабилетлар сотиб олиш хизматлари йўлга қўйилди.
Сайёҳларни кенгроқ жалб этиш, миллий урф-одат ва анаъаналаримизни уларга яқиндан таништиришда “Палов сайли” каби тадбирларнинг мунтазам ўтказилаётгани, замонавий инфрутузилма объектлари билан бирга, чойхоналар бунёд этилаётгани қўл келмоқда. Масалан, “Мирпўстин ота” зиёратгоҳи ёнида 1000 ўринли чойхона фойдаланишга топширилиши ҳам вилоят туристик салоҳияти ошишига хизмат қилаяпти.
Саёҳат ўтмишни эсламоқдан бошланади
Андижонга ташриф буюрган киши борки, дастлаб музейлар фаолияти билан танишади. Зеро, мазкур маданият маскани ўтмиш билан бугунни боғловчи кўприкдир. Бугунги кунда вилоятда 5 та музей фаолият кўрсатаётган бўлиб, улар орасидан, айниқса, Ўлкашунослик музейига ташриф буюрувчилар сони кўп.
1934 йилда ташкил этилган ушбу музейда 30 мингдан ортиқ ноёб экспонатлар сайланаётган бўлиб, улар Фарғона водийси халқлари тарихи, турмуш тарзидан сўзлайди. Водий табиати, табиий бойликларига оид экспонатлар, тарихий ҳужжат ва адабиётлар, шу жумладан, 300 га яқин тасвирий санъат асарлари, 1000 дан ортиқ амалий санъат буюмлари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Ҳозирги пайтда музейнинг Асака, Шаҳрихон, Қўрғонтепа, Улуғнор, Жалақудуқ каби туманларида филиаллари ҳам ишлаб турибди.

Ўлкашунослик музейига туташ ҳудудда жойлашган Жомъе мадрасаси тарихий обидалардан яна бири бўлиб, у 1883-1890 йилларда бунёд этилган. Масжид, мадраса ва минорадан иборат мажмуанинг узунлиги 123 метр. Мадраса шарққа қаратиб қурилган. Майдон ўртасида пештоқ қад кўтарган. Унинг икки ёнида безакдор минора бор. Бурчакларида гумбазли дарсхоналар, уларнинг ўртасида икки қаватли ҳужралар жойлашган.
Мажмуанинг ғарбий қисмида масжид бор. Унинг тарҳи тўғри бурчакли хонақоҳ ва уч томони қатор устунли, шифти безакдор айвондан иборат. Минора баландлиги 32 метр.
Андижон вилояти ҳокимлигининг ташаббуси билан айни пайтда бу ерда олиб борилаётган таъмирлаш ишлари мажмуага янги ҳаёт бағишламоқда. Зеро, у келгусида вилоят маданий-маърифий тадбирлари ўтказиладиган асосий масканга айланади.
Андижон ҳилоли
Ҳудудда туризмни ривожлантиришда мақсадида тарихий обидалар қайта таъмирланиб, муқаддас қадамжолар обод қилинмоқда. Хусусан, тарихи бевосита вилоят ўтмиши, қадрияти, аҳоли турмуш тарзи билан чамбарчас боғлиқ бўлган “Девонабой” масжиди таниб бўлмас даражада ўзгариб, янгича қиёфа касб этмоқда. Унинг нақшинкор миноралари, замонавий ва Шарқ меъморчилиги уйғунлаштирилган лойиҳа асосида қад ростлаган ҳашаматли биноси, бири-биридан маҳобатли тўртта дарвоза, битта хонақо, кўшк ва айвонлари, муҳташам деворлари шаҳар ҳуснига ҳилол каби ярашиб турибди.
Хорижлик сайёҳларни ўзига жалб этган масканлардан яна бири Марҳамат туманидаги Мингтепа археологик манзилидир. У икки ярим минг йиллик тарихга эга бўлиб, ЮНЕСКО рўйхатига киритилган.
Манбаларда келтирилишича, у Мингтепа Даван (Фарғона) давлатининг пойтахти бўлган. Хитой ижтимоий фанлар академияси ва Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамкорлигида беш йилдан буён олиб борилаётган изланишлар натижасида бу ерда 2-2,5 метр тупроқ остида катта шаҳар харобалари топилди. Мудофаа деворлари, ички ва ташқи йўллар, қалъа ўрни, аҳоли турмуш тарзидан ҳикоя қилувчи турли ашёвий далиллар тарихнинг очилмаган саҳифасидан ҳикоя қилмоқда.
— Мудофаа деворларининг ўзига хос услубда пиширилган лойдан бунёд этилганлиги ўша давр меъморчилик санъатидан огоҳ этади, — дейди қадимшунос профессор Боқижон Матбобоев. — Неча минг йиллар ўтган бўлса-да, деворлар яхши ҳолатда сақлангани, мустаҳкам сопол буюмлар, қурилиш ашёлари топилгани ўша даврда ҳунармандчилик ривожланганидан далолат беради.
Айни пайтда Ўзбекистон — Хитой қўшма халқаро археологик комплекс экспедицияси Фарғона водийсидаги энг катта қадимшунослик ёдгорлиги – Мингтепа шаҳри харобасида қидирув ишлари олиб бормоқда. Қазишмаларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институти (Самарқанд), Хитой Халқ Республикаси Ижтимоий Фанлар академияси Археология институти (Пекин), Бобур халқаро жамоат фонди мутахассис олимлари ҳамда Андижон давлат университети тарих факультети талабалари, профессор-ўқитувчилари фаол қатнашмоқдалар.
Қазишма ишлари Мингтепа Буюк Ипак йўли бошланган милоддан аввалги II асрдан милоднинг V-VI асрларигача карвонлар қўним топган, ривожланган азим шаҳар бўлганидан далолат бермоқда. Асрлар ҳикмати ва сирларини яширган ушбу масканда археологик изланишлар давом этмоқда.
Ҳам зиёрат, ҳам саёҳат
Ҳудудда муқаддас қадамжоларнинг кўплиги кейинги пайтда сайёҳликнинг яна бир тури — зиёрат туризмини ривожлантириш қўл келмоқда. “Фозилмон ота” зиёратгоҳи шундай қутлуғ масканлардан бири ҳисобланади. Ушбу қадамжода зиёрат қилиш, қуръон тиловат этиш учун шарт-шароитлар яратилган.
Масканнинг яна бир эътиборли жиҳати Фозилмон ота булоғининг мавжудлигидир. Унинг кўз ёрганига 600 йилдан ошгани айтилмоқда. Шунча вақтдан буён у ҳудуд аҳолисининг асосий сув манбаи ҳисобланади. Шифобахшлиги боис ўндан ортиқ касалликларга даволашда тавсия этилади. Булоқ атрофидаги 56 туп чинор дарахтлари эса асрларни қаритиб, виқор билан кўкка бўй чўзмоқда.
“Фозилмон ота” зиёратгоҳи хорижлик меҳмонларнинг ҳам эътиборини ўзига жалб этган. Шу боис ҳам Италия, Германия, Хитой, БАА, Жанубий Корея, Россия, Украина, Белорусь, Қирғизистон, Қозоғистон, каби давлатлардан ташриф буюрувчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Ўзбекистон Швейцарияси

Мамлакатимиз раҳбари 2017 йилнинг 2-3 июнь кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида Хонобод шаҳрига ташриф буюриб, “Ўзбекистон Швейцарияси” номини олган ушбу масканни туристик масканга айлантириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берди. Айни пайтда бу ерда олиб борилаётган кенг кўламдаги ишлар шаҳарнинг келгусида сайёҳлик марказларидан бирига айланишидан далолат бермоқда.
Хонобод — водийнинг энг сўлим маскани. Шаҳар ҳудудидан оқиб ўтувчи бешта дарё ва каналлар, катталиги жиҳатидан республикамизда учинчи ўринда турувчи “Андижон сув омбори” ҳудуд иқлимининг мўътадиллигини таъминлаб туради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 июлдаги “2017-2019 йилларда Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрини комплекс ривожлантириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, келгуси уч йил мобайнида 432 миллард 600 миллион сўмлик қурилиш ва ободонлаштириш, инфратузилмани ривожлантириш ишлари бажарилади.
— Хонобод шаҳрида ички ва экотуризм салоҳиятини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар андижонликлар руҳини кўтариб юборди, — дейди шаҳар бош имом хатиби Мансурбек Раҳимов. — Хайрли ишлар натижасида қарийб ўн йилдан буён қурилиши якунланмай турган 200 ўринли “Хонобод” санаторияси шу йилнинг кўкламида фойдаланишга топширилади. Шунингдек, адирликлардаги 150 гектар бўш ётган майдониннг 20 гектари аҳоли дам олиш масканига айлантирилиб, қолган қисмида ёнғоқ, писта, бодом, унаби боғлари ва токзор барпо этилади.
Айтиш жоизки, 2003 йилда қурилиши тўхтаб қолган “Душанбе-Бишкек-Термиз” йўлидаги Қорадарё устидан ўтувчи кўприк қурилиши ҳам шу йилнинг ўзида якунига етади. Энг муҳими, “Андижон-Хонобод” йўналиши бўйлаб ҳаракатланувчи электрлаштирилган поезд қатнови йўлга қўйилади. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан ушбу лойиҳани жорий йилнинг якунига қадар амалга ошириш мақсадида ишлар янада жадаллаштирилган. Буларнинг бари “Ўзбекистон Швейцарияси”ни мамлакатимизнинг энг сўлим сайёҳлик масканига айлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Экотуризм истиқболи ҳақида гап кетганда, Пахтаобод ва Улуғнор туманларидаги сув ҳавзалари атрофида мазкур йўналишда дастлабки лойиҳалар ижросига киришилганини алоҳида қайд этиш жоиз. Балиқчи, Хўжаобод туманларида эса гастрономик туризм кенг қулоч ёймоқда.
Бу ерда шундай масканлар ташкил этилганки, хорижлик сайёҳлар миллий таомларимизни тайёрлаш жараёнларини шунчаки кузатибгина қолмасдан, бевосита иштирок этиш имконига эгалар. Табиийки, шоҳона таомимиз бўлмиш паловнинг тайёрланиш жараёни барчага бирдек қизиқ.
Вилоятда туризм соҳасининг ривожланиши ўз-ўзидан меҳмонхоналар фаолиятини ҳам шакллантирмоқда. Андижон давлат университети ҳамда Андижон шаҳридаги 1-маиший хизмат кўрсатиш коллежида меҳмонхона фаолиятида хизмат қилувчи мутахассис ходимлар тайёрланаяпти. Ёшларнинг 7 та чет тилини ўзлаштиришлари учун қўшимча дарслар ташкил этилиб, замонавий меҳмонхоналарда амалиёт ўташларига имкон бериляпти. Туризм соҳаси равнақи йўлида олиб борилаётган бундай ислоҳотлар эса олтин водийнинг шаффоф гавҳари — Андижон сайёҳлик соҳасида ҳам муваффақиятлар эшигини очишидан нишона бермоқда.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

5077 марта ўқилди

Янгиликлар

Top