Ўзбекистон янгиликлари

Жидду жаҳд қилмоқ фурсати. Нега саёҳатга бормаймиз?

Иккинчи апрель куни “Тошкент вақти” кўрсатувининг мухбири гавжум кўчада ўтган-қайтган - ёшу қари, эркагу аёлнинг димоғига унолгич тутди: “Самарқанду Бухорони зиёрат қилганмисиз?” “Хиваю Қўқонни, Андижону Наманганни бориб кўрганмисиз?”
Жавобларни эшитиб, лабимни тишладим. Етмиш фоизи – орзуманд! Худо хоҳласа, албатта бориб кўради. Зиёрат қилади! Ҳозирча бу қадим кентларнинг фақат муборак номларини эшитган. Кўргани - суратлари: телевизорда, кинода, газета-журналлару китобларда.
“Нега шу пайтгача бормагансиз?” “Вақтим бўлмаган”. “Хафсала қилмаганмиз”. “Уй-рўзғор, фарзандлар ташвишидан ортмабмиз...”
Ҳаммаси ҳақ. Ҳаммаси тўғри. Ҳаммаси ўзбекона.
Бу ҳали “Шарқ дарвозаси” деб алқанадиган азим шаҳар аҳли - илғор замондошларимизнинг жавоблари, важлари. Чекка ҳудудларда яшовчилардан гап очмай қўя қолайлик.
Мабодо, ўша мухбир қиз “зангори қутиси”дан бирдан қўлини чиқариб, тумшуғимга микрофонини тутса, камина нима дердим: “Ўзлари-чи, мулла ака? Ўзлари нега бормаганлар? Ахир шундоққина йўлингизда-ку!”
Неча йиллардан бери Қашқадарёдаги она қишлоғимга Самарқанднинг устидан ўтиб-қайтаман. Поездда, самолётда, автобусда, енгилу оғир машиналарда. Шаҳар гирди – боғу бозор. Амир Темурнинг “Боғи Баланд”, “Боғи Дилкушо”, “Боғи Давлатобод” каби латиф номлар билан аталган қадимий боғларида пишган мевалардан, Соҳибқирон пойтахтининг оламга машҳур нонлари-ю, холвасидан харид қиламан. Қариндош-уруғ, ҳешу ақрабо, қўни-қўшни билан баҳам кўриб, мақтаб-мақтаб татинамиз. Татиниш не, жойи келса, тўлиб-тошиб мақтанамиз: “Самарқанд сайқали рўйи замин аст!”, “Бундай гўзал шаҳар дунёда йўқ!”, “Мангу шаҳар!”. Аммо қарийб уч минг йиллик шу гўшага бирров бош суқиб, жилла қурса, Амир Темур мангу осойиш топган сағана, Бибихонимнинг назари тушган афсонавий Регистон, Улуғбек коинотни суқланиб кузатган расадхонани зиёрат қилишга фурсат ҳам, хафсала ҳам тополмаймиз: “Зиёрат қочиб кетмас. Ҳайрли ишнинг кечи йўқ”. Уларни етти иқлим сайёҳлари келиб кўради, кўзларига тўтиё қилади. Етти қадам нарида яшаб ўзимиз минг бир ташвишни баҳона қиламиз. Тўй-маърака, ош, гап-гаштак, оби нобга топилган вақтимиз, маблағимиз зиёратга қолганда етишмайди.
Йўқ, ҳайрли ишнинг кечи бор! Бандасининг ташвиши тугамайди. Эзгу ниятни бир умр ортга суриб бўлмайди. Жидду жаҳд қилмоқ фурсати бугундир. Эртанинг ҳам ўз юмушлари, қувончу ташвишлари бор.
Фурсатнинг қулайлиги: истеъмолимизга “ички туризм” деган замонавий атама шитоб билан кириб келди. Моҳияти миллий дастуримизда – “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” Арзон, қулай, мазмунли. Бу кун саёҳатга чиққанларга, бундай ҳайрли сафарларни ташкил этган корхона-ю ташкилотларга, сайёҳларга хизмат кўрсатишга бел боғлаганларга бир эмас, икки эмас, ўнлаб имтиёзлар, чегирмалар тақдим этилмиш: солиқдан, чиптадан, меҳмонхоналардаги жойлардан, йўл харажатларидан...
Хизмат аҳлининг қўли кўксида: “Буюринг, меҳмон!”
Юрт кезиб, айни қулайликлардан фойдаланмаслик - дилни, тилни, тафаккурни пешламаслик, қароғу кўнгилни яйратмаслик, савоб ишларга доҳил бўлмаслик – исроф!..
Шундай хаёллар билан телефонимдан темир йўл маҳкамаси-ю, меҳмонхонага буюртма жўнатдим. Жавоб маҳтал қилмади: “Афросиёб” поезди ва меҳмонхона Сизга мунтазир!”
“Йўл бўлсин?”
“Самарқандга! Ундан кейин – Бухорои шарифга! Сўғин...”
Жонқобил Жума, «Правда Востока» интернет-нашри.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

3139 марта ўқилди

Янгиликлар

Top