Муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни фондга фойдаланиш учун ижарага бериш тартиби ҳам белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинганини хабар берган эдик.
Фармон билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил қилинди ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
- фуқароларнинг диний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш;
- масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;
- тарихий-меъморий аҳамиятга эга зиёратгоҳларни сақлаш, таъмирлаш, ободонлаштириш, уларнинг инфратузилмасини янада ривожлантириш;
- диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш, уларнинг профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш;
- масжидлар ва зиёратгоҳлар ходимларини, хусусан имом-хатиблар, имом ноиблари, мутаваллилар, муаззинларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш;
- ислом илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларимиз, замонамизнинг етук олим ва уламолари қаламига мансуб диний-маърифий асарларни чоп этиш ва аҳолига етказишга кўмаклашиш;
- юртимиздаги муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжоларнинг мусулмон дунёсидаги нуфузини янада ошириш, бу масканларга маҳаллий ва хорижий фуқароларнинг зиёратларини уюштириш, зиёратчилар учун зарур шароитлар яратиш;
- аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш.
Вазирлар Маҳкамасига 2018 йил 1 июлга қадар ўрганиш натижалари асосида муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни “Вақф” хайрия жамоат фондига фойдаланиш учун ижарага бериш ҳуқуқи билан бириктириб беришни назарда тутувчи қарорни қабул қилиш топширилди.
ЎМИ Матбуот хизмати