Ўзбекистон янгиликлари

Ғолиб қори ва қориялар ота-онасини Байтуллоҳга олиб боради

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Ўзбекистон Қуръон мусобақасининг Республика босқичининг очилиш маросимида сўзлаган натқида “Мўмин-мусулмон киши учун Ҳақ таолонинг каломини ўқиш ёки уни тинглашдан-да роҳатбахш нарса бўлмайди. Қуръони карим инсонларни тўғри йўлга бошлайдиган, ақл юргизиб, тафаккур қилиб, ҳидоятга чорлайдиган муқаддас китобдир. Инсон Қуръони карим оятларини ёд олгани ёки эшитгани сари руҳи енгиллашиб, тўғри йўлда собитқадам бўлиб бораверади” деб таъкидладилар.

Бинобарин, Аллоҳ таоло Қуръон ўқувчи ва эшитувларни мақтаб, бундай марҳамат қилади:

إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَنْ تَبُورَ  لِيُوَفِّيَهُمْ أُجُورَهُمْ وَيَزِيدَهُمْ مِنْ فَضْلِهِ إِنَّهُ غَفُورٌ شَكُورٌ

 «Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар. Зеро (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукр қилувчидир» (Фотир, 29–30).

Раббимиз  ояти каримада “сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан)” деб хабар қилганинг шарҳи кўплаб ҳадиси шарифларда изоҳланган. Жумладан қуйидаги ҳадис ҳам ушбу ояти кариманинг қисқача шарҳидир.


وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ بُرَيْدَةَ الأَسْلَمِيِّ عَنْ أَبِيهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ قَرَأَ الْقُرْآنَ وَتَعَلَّمَهُ وَعَمِلَ بِهِ أُلْبِسَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ تَاجًا مِنْ نُورٍ ضَوْءُهُ مِثْلُ ضَوْءِ الشَّمْسِ وَيُكْسَى وَالِدَيْهِ حُلَّتَانِ لاَ يُقَوَّمُ بِهِمَا الدُّنْيَا فَيَقُولاَنِ: بِمَا كُسِينَا فَيُقَالُ: بِأَخْذِ وَلَدِكُمَا الْقُرْآنَ. رَوَاهُ الْحَاكِمُوَصَحَّحَهُ.


Абдуллоҳ ибн Бурайд Асламий отаси Бурайда розияллоҳу анҳудан, у эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Ким Қуръонни ўқиса, уни ўрганса ва унга амал қилса, қиёмат куни унга нурдан бўлган тож кийдирилади. (У тожнинг) зиёси қуёшнинг зиёси кабидир. Унинг ота-онасига икки кийим кийдирилади. У иккисига дунё тенг келолмайди. Улар: «Бу бизга нима сабабдан кийдирилди!» дейишади. Шунда: «Фарзандингизнинг Қуръонни ёдла(б, унга амал қил)гани учун (шундай марҳаматга сазовор бўлдингиз)», дейилади» (Ҳоким ривоят қилган ва «Ҳадиснинг санади саҳиҳ», деган).

Мазкур ояти карима ва ҳадиси шарифдан қориларнинг Қиёматда ота-онасига тож кийдиришининг хабарини олдик.

Хўш, уларнинг ота-онасига бу дунёда, хоссатан, бизнинг юртимизда қандай мукофотлар бор?

Аллоҳ таолонинг марҳаматининг кенглигини қарангки, бевосита муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан бошланган Қуръон мусобақаси кутилмаган янгиликлар, хушкайфият онлар ва туҳфаларга бой бўлмоқда. Хусусан, йўналишлар бўйича  биринчи ўринларни олган йигит-қизларнинг икки ҳамроҳи (ота-онаси) билан умра зиёратига юборилиши ҳақиқий совға бўлади. Энди ҳофизи каломуллоҳлар сабабидан уларнинг ота-оналари Байтуллоҳни тавоф қилиш бахтига муяссар бўлади, иншоаллоҳ.

Бу мукофот қори йигит-қизлар ва уларнинг ота-оналарига бериладиган мукофотларнинг бошланиши, энг улуғ ҳадя эса эса Буюк Зот бўлган Аллоҳ таолонинг олий даргоҳида бўлади.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

3474 марта ўқилди

Янгиликлар

Top